Кексаларга эҳтиром — юксак қадрият
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Юртимизда инсон қадри, тарихий хотира ва авлодлар давомийлигини улуғлайдиган, қалбларнинг энг нозик торларини чертиб, ҳар биримизни ўйга толдирадиган муқаддас сана — 9 май кенг нишонланади. Бу кун шунчаки ўтмишни ёд этиш эмас, балки тинчликнинг ҳар бир лаҳзаси қандай оғир ва машаққатли йўллар эвазига қўлга киритилганини юракдан ҳис этиш, шу неъматни асраб-авайлаш масъулиятини чуқур англаш кунидир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 апрелдаги “9 май — Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида мамлакатимиз бўйлаб уруш ва меҳнат фахрийларини эъзозлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, ҳаёт шароитини яхшилашга қаратилган эзгу ишлар кенг қулоч ёймоқда. Бу эътибор ва ғамхўрлик “Инсон қадри учун” деган улуғ тамойилнинг ҳаётий ифодаси, халқ ва давлат ўртасидаги мустаҳкам ишонч кўпригидир.
Жиззах вилояти Бахмал тумани Истиқлол маҳалласида яшовчи фронт орти меҳнат фахрийси, “Дўстлик” ордени соҳиби Бозор бобо Раҳимов сал кам бир асрлик умр манзилига етиб келмоқда. У кишининг хонадонига қилинган ташриф оддий ҳол-аҳвол сўраш эмас, балки ўтмишнинг тирик гувоҳи билан юзма-юз суҳбат, тарих билан самимий мулоқотдек мазмун касб этди. Маҳалла ёшлар етакчилари ва фаол ёшлар иштирокида ўтган учрашув самимият, эҳтиром ва ибрат руҳи билан йўғрилди.

Учрашув чоғида Бозор бобо уруш йилларининг юракни титратар манзараларини, орқа фронтдаги тоқатни синовдан ўтказган машаққатли меҳнатни, очарчилик ва танқисликнинг аччиқ таъмини, ҳар бир хонадондан фронтга кузатилган ўғлонлар тақдирини тўлқинланиб сўзлаб берди. Унинг ҳар бир гапи бир даврнинг оғриғи, ҳар бир хотираси бир авлоднинг матонати эди.
— Ўша йиллар жуда оғир эди... Зоғора нонни ҳам топиш мушкул, кўпинча кепак атала билан кун ўтказганмиз. Лекин шунда ҳам кекса отахон ва онахонларимиз ризқ эмас, тинчлик сўраб дуо қиларди. Бугунги дориломон кунлар — ана шу дуоларнинг ижобати. Юртбошимиз биз кексаларни унутмай, эъзозлаб, ҳолимиздан хабар олаётгани қалбимизга илиқлик бағишлайди. Илоҳим, юртимиз осмони мусаффо, халқимиз тинч бўлсин, — дея кўзлари намланиб дуо қилди Бозор бобо.
Бу каби учрашувлар миллат хотирасини уйғотувчи, виждонини чархловчи маънавий сабоқдир. Чунки кексалар тирик тарих, уларнинг ҳаёти эса китобларга сиғмас ҳақиқат, синов ва сабоқдир. Уларни эъзозлаш кечаги кунга эҳтиром, бугунга садоқат ва эртанги келажакка мустаҳкам пойдевор қўйиш демакдир.
Зеро, хотирани асраган, ўтмишини унутмаган, кексаларини қадрлаган миллатнинг келажаги ҳамиша нурли, иродаси мустаҳкам ва қадами собит бўлади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири