Россия давлатининг Қозон шаҳрида 15-«Россия – Ислом олами: Казан форум» халқаро иқтисодий форуми давом этмоқда.
--Таъкидлаш жоизки, Россия ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатларининг «Россия – Ислом олами: Казан форум» халқаро иқтисодий форуми 2009 йилдан буён Татаристон пойтахтида ўтказиб келинмоқда, -- дейди ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими, тарих фанлари доктори, шарқшунос-манбашунос Комилжон Раҳимов. –Форум Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш учун платформа ҳисобланади. «Казан форум» доирасида Ўзбекистоннинг туристик, иқтисодий ва инвестицион салоҳияти намойиш этилмоқда. Ўзбекистон павильонига хорижий меҳмонларнинг қизиқиши ортиб бормоқда. Мен эса ушбу форумда меҳмон сифатида иштирок этяпман. Шунингдек, «Хожагон-нақшбандия тариқати пирларининг иқтисодий қарашлари» мавзуида маъруза қилдим. Ушбу тадқиқотим меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Қозондаги «Ҳузур» нашриёти ушбу китобимни татар, рус ва араб тилларида нашр этишга тайёрлигини билдирди. Ўзбекистонда ҳам бу китобимни ўзбек тилида чоп қилмоқчиман.
Форум доирасида Ўзбекистон иқтисодиёти, маданияти, саноати намойиш этиладиган махсус экспозиция – Ўзбекистон кўргазмаси ҳам ўтказилмоқда.
Ушбу форумни ўтказишдан мақсад Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасидаги иқтисодий, таълим, ижтимоий ва маданий соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат. Шунингдек, Россия ва бутун дунёда ислом молия тизими институтларини ривожлантиришга кўмаклашади, қўшма халқаро лойиҳа ва дастурларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилади.
Ислом молияси, сармоя, саноат, кичик ва ўрта бизнес, дипломатия, халқаро ҳамкорлик, технология, туризм, тиббиёт ва спорт кабилар анжуманнинг асосий мавзуларидан бўлди.
Бу йил форум доирасида «Halal Ехpo» кўргазмаси ҳам бўлиб ўтмоқда. Унда Россия ва мусулмон мамлакатларининг ҳалол маҳсулотлари, хизматлари, инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари намойиш этилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири
Қозон.