Кая Каллас: Европа маҳсулотлари Украинага қарши қуролларда пайдо бўлмаслиги керак
Украинадаги зиддият тўртинчи йилга яқинлашаётган бир пайтда Ирландиядаги бир завод атрофида кутилмаган саволлар пайдо бўлди. OCCRP халқаро журналистик суриштирув маркази эълон қилган материалда Ирландияда ишлаб чиқарилаётган алюминий хомашёси Россияга етказиб берилаётгани ҳақида маълумотлар келтирилган. Мазкур маҳсулот алюминий ишлаб чиқаришда қўлланилади. Алюминий эса авиация, ҳарбий техника ва дронлар тайёрлашда кенг ишлатилади.
Суриштирув муаллифлари маълумотларига кўра, Ирландиядаги “Aughinish Alumina” корхонаси маҳсулотининг бир қисми РФдаги алюминий заводларига сотилган. Кейинчалик бу металл Россия мудофаа саноати билан ҳамкорлик қилувчи айрим корхоналарга етказилган бўлиши мумкин, бироқ ҳозирча ирланд маҳсулоти аниқ қайси ракета ёки дрон таркибида ишлатилгани исботланган эмас.
Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат раҳбари Кая Каллас Дублинда ўтказилган учрашувлар чоғида мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш зарурлигини айтди. Унинг фикрича, Европа ҳудудида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Украина аҳолисига қарши қўлланилаётган қуролларда пайдо бўлмаслиги керак. Ирландия ҳукумати текширув натижалари Европа Комиссиясига тақдим этилишини маълум қилди.
Бу воқеа бир завод фаолиятидан ҳам кенгроқ масалани кун тартибига олиб чиқди. Сўнгги йилларда Брюссель Россияга қарши ўнлаб санкция пакетларини қабул қилди, бироқ баъзи хомашё турлари ҳали ҳам чекловлар рўйхатига киритилмаган.
Мусулмон Зиё, ЎзА