Каттақўрғонда чорвачилик илмий асосда ривожлантирилади
Шу йил 10 июнь куни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган Самарқанд вилояти ҳудудларини комплекс ривожлантириш, олис ва чекка туманларда аҳоли турмуш даражасини оширишга бағишланган йиғилишда Каттақўрғон туманини қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва боғдорчилик маркази сифатида ривожлантириш қайд этилганди. Шу куни қабул қилинган Президент қарорида бу борада зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Қарор ижроси доирасида туманда чорвачилик соҳасини илмий асосда ривожлантириш, чорва молларининг маҳсулдорлигини ошириш, замонавий озиқлантириш технологияларини жорий этиш ҳамда соҳада илмий-амалий ҳамкорликни кучайтириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, бу борада Беларусь Республикасидаги илмий-тадқиқот институтлари ҳамда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ўтган давр мобайнида мазкур университетлар мутахассислари тумандаги чорвачилик хўжаликлари ва фермалар фаолияти билан яқиндан танишди. Чорва молларини сақлаш ва парваришлаш шароити, озиқлантириш тизими, озуқа таркиби ва сифати, чорва молларининг маҳсулдорлик кўрсаткичлари ҳамда мавжуд имкониятлар ўрганилди. Чорва молларининг генетикаси, озиқлантириш рационини илмий асосда шакллантириш, озуқа сифатини яхшилаш ва юқори маҳсулдорликка эришиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Туман ҳокимлигида ҳамкор таълим муассасалари раҳбар ва мутахассислари ҳамда туман масъуллари иштирокида ўтказилган учрашувда ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори, профессор Худойназар Юнусов, беларуслик чорвачилик бўйича эксперт Светлана Куделько ҳамда соҳа вакиллари ўтказилган ўрганишлар натижасидан келиб чиқиб, чорвачилик фермаларида мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, соғлом ва юқори маҳсулдор чорва молларини кўпайтириш, ветеринария хизмати ҳамда парваришлаш жараёнларини такомиллаштириш бўйича фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
– Бугун чорвачиликда анъанавий усуллар билан чекланиш иқтисодий самара бермайди, – дейди Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори, профессор Худойназар Юнусов. – Чунки, бугун иқлим ўзгаришлари жадал давом этмоқда, озиқ-овқат хавфсизлиги энг муҳим масалалардан бирига айланмоқда ва халқимизнинг эҳтиёжлари ортиб боряпти. Бундай шароитда чорва маҳсулдорлигини ошириш орқали зарур миқдорда гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш, шу соҳа билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектлари, чорвадор ва фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш мумкин. Бунинг учун эса соҳага илмий ёндашувни кучайтириш зарур. Бу борада каттақўрғонлик тадбиркор ва фермерларга Беларуслик ҳамкорларимиз билан бирга чорва молларининг маҳсулдорлигини ошириш учун озиқлантириш рационини такомиллаштириш, бу борада илғор хорижий тажрибани фермер хўжаликлари фаолиятига жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, илм-фан, замонавий технология ва илғор хорижий тажрибани амалиёт билан уйғунлаштириш чорвачиликда маҳсулдорликни ошириш ҳамда тармоқнинг иқтисодий самарадорлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, учрашувда Каттақўрғон тумани ва Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ўртасида дуал таълим бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири