Мамлакатимизда маҳаллалар фаолиятини тубдан такомиллаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳалла институти аҳолининг ҳақиқий таянчига айланмоқда. “Маҳаллада ислоҳот – бутун мамлакатда янгиланиш” тамойили асосида жойларда мутлақо янги тизим жорий этилди.
Шу ислоҳотлар натижасини Шайхонтоҳур туманида жойлашган Катта Оқтепа маҳалласидан ҳам яққол кўриш мумкин.
Маҳалланинг юраги ҳисобланган Оқтепа канали атрофи тубдан ўзгарган. Илгари қаровсиз ҳолатда бўлган ҳудудда ҳозир замонавий сайилгоҳ барпо этилган.
Маҳалла раиси Саъдулла Умаров ЎзА мухбирига интервью бериб, 1,5 километрга чўзилган ушбу ҳудудда умумий қиймати 27 миллиард сўмлик қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилганини таъкидлади.
– Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан барпо этилган сайилгоҳ яшил маконга айланди. Бу ерда спорт объекти, болалар майдончалари ва кўнгилочар масканлар фаолият юритмоқда. Халқ бундан жуда мамнун, – деди маҳалла раиси.
Канал бўйи янгича қиёфа касб этиб, кўп қаватли уйларнинг фасад ва том қисмлари таъмирланган, 50 метрли узум сўриси ва 10 та катта-кичик терассалар қурилган.
Энг муҳими, ободонлаштириш нафақат гўзаллик, балки иқтисодий ўсишга ҳам туртки бермоқда. Бундан ташқари ёшу-қари маҳалладаги имкониятлардан бирдек фойдаланмоқда.
– Маҳалла гуллаб-яшнаган, обол ҳудудга айлангани биз, нуронийларни қувонтиради. Аҳоли Янги Ўзбекистонни қуришда ўз ҳиссасини муносиб қўшмоқда. Зеро, ёшларимиз иш билан таъминланган, улар айнан маҳалламиз фаровонлиги, иқтисодий барқарорлиги йўлида меҳнат қилмоқда. Нуронийлар эса яратилган шароит – “Нуронийлар маскани”да вақтини чоғ ўтказиб, ушбу амалларнинг гувоҳи бўлмоқда, – деди маҳалла нуронийси Аҳмаджон Отажонов.
Йил якунига қадар яна юзга яқин савдо ва сервис объектлари фаолиятини бошлаши кутилмоқда. Бу орқали қарийб 1 миллион нафар аҳолига қулайлик яратилади. Яқин келажакда яна 50 га яқин хизмат кўрсатиш нуқталари ташкил этилиб, 1 мингтага яқин янги иш ўрни яратилади.
Муҳими, бу лойиҳа орқали давлат бюджетига йилига 30 миллиард сўмгача қўшимча тушум келтирилиши режалаштирилган.
Бир сўз билан айтганда, Катта Оқтепа маҳалласида амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ишлар нафақат шаҳримиз, балки мамлакатимиздаги ҳар бир маҳалланинг эртанги равнақига хизмат қилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/_P1l2K5h9Vk?si=oWPvAx9fI-DDx2xJ" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Анвархўжа АҲМЕДОВ (видео),
ЎзА