Тез орада Тошкентда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ишга тушади. Бу ҳақда бугун Миллий матбуот марказида Ислом цивилизацияси маркази томонидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Тошкент шаҳрининг “Ҳазрати Имом” мажмуаси (Ҳастимом) ёнида қад ростлаётган марказ 9 гектар майдонни эгалламоқда. Унинг таркибида юртимиздаги ислом оламига оид қимматли манбаларни жамлаган музей ташкил этилиши кутиляпти.
Хусусан, машҳур “Катта Лангар Қуръони” ва дунё цивилизацияси тарихидаги энг нодир манба ҳисобланган “Усмон Мусъҳафи” ҳам музейдан ўрин олади. Марказ қачон расман ўз фаолиятини бошлайди, деган саволга марказ раҳбари Шоазим Миноваров ҳозирда қурилиш ишлари давом этаётганини ва 2022 йилнинг тўртинчи чорагида қурилиш ишлари якунланишини қайд этди.
Маълум қилинишича, қурилиш давомида 20 та турли даражадаги ташрифлар амалга оширилиб, хорижий делегациялар, шунингдек, ЮНEСКО, АЙСEСКО, ИРСИКА каби халқаро ташкилотлар вакиллари билан бевосита қурилиш майдонида учрашувлар ўтказилган. Бинонинг лойиҳаси, ички ва ташқи дизайни, музей экспозициялари мазмуни бўйича улардан таклифлар олинган.
Шунингдек, анжуманда Ислом цивилизацияси маркази томонидан халқаро алоқалар борасида сўнги йилларда амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтилди. Қайд этилишича, марказ умумий ҳисобда 25 та ташкилот билан ҳамкорлик Меморандумларини имзолаган.
Хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) Фан ва технологиялар соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича доимий қўмитаси – COMSTECH ва Марказ ўртасида имзоланган меморандум доирасида дунё кутубхоналари фондларида сақланаётган исломга оид ҳамда мусулмон мамлакатлари олимлари томонидан яратилган манбалар, қўлёзма, тошбосма ва замонавий нашрларнинг ягона электрон базасини яратиш бўйича келишувга эришилган.
Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА