Катта кино қисқа йўллар билан эмас, билим, тажриба ва истеъдод билан яратилади
Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари — Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов ёшлар билан учрашди.
Тадбирда таниқли киноактёр Алишер Узоқов ҳам иштирок этиб, ёшлар билан ўз фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашди.

Очиқ мулоқот давомида билдирилган фикрлар ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Унда таъкидланганидек, ижодий танловлар истиқболсиз лойиҳаларни эмас, аввало, истеъдодларни саралашга хизмат қилиши керак. Ҳар бир ёш режиссёрнинг асосий вазифаси, аввало, ўз халқи ва миллати учун фильм яратишдан иборат бўлиши зарур.
Ёшлар сон-саноқсиз қисқа метражли фильмлар олишни эмас, ўз билим ва тажрибаларини оширишни мақсад қилиши керак.

— Биров уддабуронлиги билан мақтаняпти: «Мана, қисқа вақтда давлатга иккита тарихий фильм қилиб бердим», деб, — таъкидлади Жаҳонгир Аҳмедов. — Санъатда, хусусан, кинода уддабуронлик эмас, истеъдод бирламчи. Ёшлар учун, энг аввало, соҳада халқаро малака ва тажриба ошириш имкониятларини яратиб берамиз. Дунёни кўринглар, билим ва тажриба оширинглар. Сизлар жаҳондаги нуфузли кинофестивалларнинг шорт-листларига киришга интилинглар. Кино икки хил бўлади: ё унга ўз халқинг «офарин» дейди, ё нуфузли халқаро фестиваллар унга тан беради. Бу фикрларни эса битта нуқта бирлаштиради: катта кино қисқа йўллар билан эмас, билим, тажриба ва истеъдод билан яратилади.
Самимий руҳда ўтказилган мулоқот ёш ижодкорларда катта таассурот қолдирди.
Н.Усмонова,
ЎзА