Кинематография агентлиги буюртмаси билан суратга олинган «Кассета» қисқа метражли фильми Россиянинг Ярославль шаҳрида ўтказилган «В кругу семьи» кинофестивалида ҳакамлар ҳайъатининг махсус «Операторлик иши» учун диплом мукофотини қўлга киритди.
Ушбу фильм «Ипак йўли дурдонаси» ХIV Халқаро Тошкент кинофестивалининг «Кино 5 кунда» танлови доирасида суратга олинган. Шунингдек, мазкур кинокартина Португалиянинг Лиссабон шаҳрида бўлиб ўтган «SINENOVA 5 th» фестивалининг финалига чиққан.
Фильм режиссёри – Миртемир Муродов, сценарий муаллифи – Шоҳжаҳон Субҳонов, оператор – Отабек Саидов, картина директори – Aкром Шоҳназаров.
«Кассета» фильми бугуннинг долзарб масаласига бағишлангани билан аҳамиятлидир. Ёлғиз фарзандини ташлаб хорижга ишлашга кетишга мажбур бўлган ота хотира изтиробида қолади. Ўғлининг тасвирлари муҳрланган эски кассетани томоша қилиш ҳаёт мазмунига айланган ота ҳақидаги қисқа метражли бадиий фильм томошабинларни бефарқ қолдирмади.
Н.Усмонова, ЎзА