Кашмирда норозилик намойиши: камида 15 киши ҳалок бўлди
Покистоннинг Кашмир минтақасида маҳаллий парламентдаги ўринларни тақсимлаш бўйича сиёсий низо билан боғлиқ оммавий норозилик намойиши давом этмоқда.
Намойишчилар ва хавфсизлик кучлари тўқнашувида 15 киши – 11 нафар бегуноҳ аҳоли вакили ва тўрт нафар хавфсизлик ходими ҳалок бўлди.
Қўзғолон Ҳаракатдаги бирлашган халқ қўмитаси – JAAC томонидан уюштирилди. Ташкилотчилар аҳолини яқинлашиб келаётган маҳаллий қонунчилик ассамблеяси сайловида мамлакатдан ташқаридаги кашмирлик қочқинлар учун кўпроқ ўрин ажратилишига қарши чиқишга чақирган. Маҳаллий ҳокимият гуруҳни фитна уюштиришда айблаб, тадбирни тақиқлади, аммо бу қарор оломонни тўхтата олмади.
Минглаб одам Музаффаробод томон юриш қилиб, бир неча ҳудудда хавфсизлик кучлари билан тўқнашди. Расмийлар ҳисоб-китобига кўра, 10 000 дан кўп одам хавфсизлик чораси кучайтирилган, ҳаракатланиш чекланган Равалкот шаҳридан 4 километр масофада тўпланган.
С.Раҳимов, ЎзА