Касбий таълим тизими ўзгарди
Наманган, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида 2027 йил 1 январдан бошлаб туризм, косметология ҳамда умумий овқатланиш соҳаларида фаолият юритувчи шахсларни ишга қабул қилишда уларнинг диплом ёки малака сертификатига эга бўлиши мажбурий қилиб белгиланади. Шунингдек, 2027 йил 1 июндан бошлаб мазкур талаб қурилиш соҳаси ходимларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
2028 йилдан эса ушбу тизим бутун Республика бўйлаб жорий қилинади. Унга кўра, қурилиш ишларида ёки аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритувчи техник ходимлар фақат тегишли диплом ёки малака сертификатига эга бўлган тақдирдагина ишга қабул қилинади.
Шу билан бирга, маълум бир касб ёки ҳунарни пухта эгаллаган бўлса-да, расмий ҳужжат – диплом ёки малака сертификатига эга бўлмаган шахсларни ишга қабул қилишга йўл қўйилмайди.

Бу давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 23 октябрда қабул қилинган “Касбий таълим тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда тизимда ислоҳотларни амалга оширишга доир қарорида белгиланди.
– Мазкур ҳужжатлар билан ўрта бўғин кадрлар тайёрлаш тизими ўзгарди, – дейди Самарқанд вилояти касбий таълим бошқармаси бошлиғи Азиз Насимов. – Соҳада кейинги йилларда бир неча бор ўтказилган ислоҳотлар ўзини тўла оқламагач, касбий таълим агентлиги ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолияти йўлга қўйилди. Шу пайтгача турли вазирлик ва идоралар тасарруфида бўлган коллеж, касб-ҳунар мактаблари, техникум ва политехникумлар негизида техникумлар ташкил этилди ва касбий таълим агентлиги тасарруфига ўтди. Шунингдек, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тасарруфида бўлган касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ҳам эндиликда агентликка ўтди. Жумладан, бизнинг вилоятимизда ҳам шу пайтгача мавжуд муассасаларимиз негизида 57 та техникум ташкил этилди ва келгуси ўқув йилидан уларнинг сони 60 тага етади. Шу пайтгача касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумларда халқаро меҳнат тавсифлагичининг 3, 4, 5 даражасини тайёрлаш имконияти мавжуд эди. Энди техникумларда шу уч даража бўйича кадрлар тайёрланади ва танланган касб мураккаблигидан келиб чиқиб, ўқиш муддати белгиланади. Фақатгина мактабларнинг 9-синф битирувчилари техникумда ўқишни давом эттирмоқчи бўлса камида 2 йиллик мажбурий таълимни ўташи керак бўлади. Улар шу икки йил ичида мактабда мавжуд фанларни техникумда ўқиб, бирор бир касб, ҳунар ҳам ўрганади. Техникумлар ўз имконияти, қувватидан келиб чиқиб, мактабларнинг 9-синф ёки 11-синф битирувчиларини ўқишга қабул қилади. Шунингдек, хорижий тилларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилади ва дарс соатлари кўпайтирилади. Техникумда уч йиллик академик соатларни яхши ўзлаштирган ва аъло баҳолар билан битирганлар олий ўқув юртида ўқимоқчи бўлса, иккинчи курсдан ўқишга қабул қилинади.

Мазкур ислоҳотлар ёшларни фақат техникумларда касб-ҳунар эгаллашга йўналтиришни англатмайди. Қарорга мувофиқ, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб болаларни касб-ҳунарга йўналтириш тизими мактабгача таълим босқичидан жорий этилади.
Хусусан, “Атрофимиздаги касблар” дастури асосида мактабгача таълим ташкилотларида 5 ёшдан бошлаб болаларда ўйинлар орқали турли касблар ҳақида дастлабки тасаввурлар шакллантирилади.
Мактаб таълимида эса “Касблар алифбоси” дастури доирасида 1-4 синф ўқувчиларига касбларнинг аҳамияти тушунтирилиб, уларда илк касбий қизиқишлар ривожлантирилади. 5-6 синфларда “Касблар олами” дастури жорий қилиниб, ўқувчиларнинг турли меҳнат соҳаларига қизиқишлари кучайтирилади ҳамда келгусидаги касбий танлов учун зарур асос яратилади.

Шунингдек, “Менинг келажакдаги касбим” дастури асосида 7-9 синф ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятлари мактаб маслаҳатчилари томонидан аниқланиб, уларни академик таълим ёки касб-ҳунар йўналишларига мақсадли йўналтириш ишлари амалга оширилади.
Бундан ташқари, 2028 йилдан бошлаб техникумга йўналтириш 9-синф якуни бўйича ўтказиладиган имтиҳон натижасига кўра амалга оширилади. Мактабнинг 10-синф ўқувчиларига ўқишини техникумларга кўчиришга рухсат берилади.
[2026-05-06 12:50] Нилуфар Бозорова: – 24 йилдан буён шу тизимда ишлаб келаётган инсон сифатида айтишим мумкинки, юртимиз касбий таълим соҳаси энди халқаро стандартларга мослашмоқда, – дейди Азиз Насимов. – Ишлаш учун имкониятлар кенгаймоқда. Нафақат ўзимиз, балки хорижда ҳам тан олинадиган дипломга эга, халқаро классификаторларга мос ўрта бўғин кадрлари тайёрлаш тизими йўлга қўйилмоқда. Энди техникумларга Миграция агентлиги томонидан хорижий иш берувчиларнинг ишчи кучига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб касб ва мутахассисликлар ҳамда хорижий тилларга ўқитиш бўйича буюртмалар берилади. Юртимиздаги йирик иш берувчилар ҳам ўзларига зарур касблар бўйича буюртма бериб, қисқа муддатда ходимларга бўлган эҳтиёжни қоплашлари мумкин. Буюртмалар бўйича касбга ўқитиш жараёни техникумларнинг мавжуд имкониятидан келиб чиқиб бир ой муддатда ташкил этилади. Албатта, буюртма асосида кадрлар тайёрлаш учун буюртмачи – давлат органлари ва ташкилотлари техникумларга белгиланган тўловларни тўлаб беради. Бу эса муассасалар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчиларни рағбатлантириш имкониятларини кенгайтиради.

Эндиликда техникумлар таълим жараёнига хорижий дастурларни жорий этиш, олий ўқув юртларидаги каби қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш мумкин. Биргина вилоятимиздаги 6 техникумда 600 нафар ўқувчи халқаро таълим дастурлари бўйича ўқитилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 1-техникумда Буюк Британиянинг “Pearson” компанияси билан ҳамкорликда 120 нафар ўқувчи халқаро таълим дастурлари асосида компьютер графикаси ва дизайн оператори, меҳмонхона хўжалиги мутахассиси ва пайвандловчи касбларига ўқитилмоқда. Шаҳардаги 2-техникумда эса Германиянинг “Askania Bildung” компанияси билан ҳамкорликда “Ausbildug” тизими бўйича логистика йўналишида, 3-техникумда қурилиш технологиялари, логистика, саноат механиги мутахассисликлари бўйича 500 нафардан ортиқ ёшлар касб-ҳунар ўрганмоқда. Сиёб Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникумида Корея Республикасининг “Daejeon Health University” университети ва Германия тиббиёт академияси билан ҳамширалик мутахассислиги бўйича қўшма таълим дастури амалга оширилмоқда. Бунда бўлғуси ҳамширалар 2+1 дастури асосида икки йил ўзимизда, бир йил Германия ёки Кореяда ўқийди. Улар кейинчалик шартнома асосида хорижда ҳам ишлаши мумкин. Умуман, 2026 йилда вилоятимиздаги техникумларда Германия, Корея, Россия, Хитой ва бошқа давлатлари билан ҳамкорликда камида 10 та халқаро таълим дастурларини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Яқинда касбий таълим агентлиги ташаббуси билан Германияда хизмат сафарида бўлиб, “Ўзбекистон – Германия касбий таълим форуми”га қатнашдик ҳамда ушбу давлат таълим муассасалари ва йирик компаниялар билан кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, қўшма таълим дастурлари бўйича ҳамкорлик қилиш бўйича шартномалар туздик. Вилоятимиздаги техникумларнинг бир гуруҳ ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш таълими усталари Хитой Халқ Республикасининг Гансу ўрмон хўжалиги техника университетида электромобилларга, қуёш панелларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш бўйича малака ошириб келди.

Касбий таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган ҳужжатларда дуал таълим асосида кадрлар тайёрлаш, яъни таълим ва амалиётни уйғунлаштиришга ҳам алоҳида эътибор берилган. Бугунги кунда вилоятдаги 44 техникумнинг 4036 нафар ўқувчиси 670 та иш берувчи билан ҳамкорликда дуал таълим асосида ўқитилмоқда. Бу жараёнда иш берувчилар томонидан 2000 нафардан ортиқ ўқувчига 1,5 миллион сўмдан 3 миллион сўмгача иш ҳақи тўланмоқда. Келгуси ўқув йилида дуал таълим билан қамровни 20 фоизга етказиш кўзда тутилган.
Қарорга кўра, бу йил мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Самарқанд вилоятида ҳам битта илғор касбий маҳорат техникумини ташкил этилади. Хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда педагог кадрлар учун семинарлар, корхоналарга стажировкалар ташкил этилади. Техникумларнинг 20 нафардан ортиқ педагог кадрлари касбий таълими ривожланган давлатларга тажриба алмашиш учун юборилади.
[2026-05-06 12:50] Нилуфар Бозорова: Ёшларнинг иқтидор ва касбий лаёқатини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танлови ўтказилади. Танлов ҳар йили 10 та касб бўйича 16 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган техникум ўқувчилари, ёшлар, талабалар ҳамда банд бўлмаган аҳоли ўртасида туман (шаҳар), вилоят ҳамда республика миқёсида ўтказилади. Танловнинг ҳар бир босқич ғолиблари ва уларнинг устозлари бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади. Шу билан бирга танловнинг учинчи (мамлакат) босқичи ғолибларига “WorldSkills International” ташкилотининг “WorldSkills” халқаро чемпионатида иштирок этиш ҳуқуқи берилади. Жорий йилдан эътиборан 5 май “Касб ва меҳнат куни” сифатида ҳар йили кенг нишонланиши ҳам белгиланган.
Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири