Касбий таълим: Минглаб битирувчи ва ишсизлар бандлиги таъминланмоқда
41 мингдан ортиқ бўш иш ўрни, 112 минг нафардан зиёд дуал таълим ўқувчиси ва минглаб янги касб эгаллаётган фуқаролар. Касбий таълим тизимидаги ислоҳотлар меҳнат бозорига қандай таъсир қилмоқда?
Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида ўтказилган брифингда Касбий таълим агентлиги матбуот котиби Садоқат Самандарова битирувчилар бандлигини таъминлаш борасидаги натижаларни маълум қилди.

Қайд этилишича, республика бўйича 539 та техникумда 896 та “Карьера кунлари” тадбири ташкил этилди. Уларда 112 минг 486 нафар битирувчи ҳамда 9 минг 243 та иш берувчи корхона ва ташкилот вакиллари иштирок этди. Тадбирлар доирасида битирувчиларга жами 41 минг 153 та бўш иш ўрни таклиф қилинди. Натижада 7 минг 318 нафар битирувчининг бандлиги таъминланди, яна 12 минг 721 нафар ёш билан ишга жойлашиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди. “Карьера кунлари” тадбирларида иштирок этган барча битирувчилар фақат шу тадбирлар орқали иш топиши шарт эмас. Шу боис мазкур рақамларни бутун тизимдаги ишсизлик кўрсаткичи сифатида баҳолаб бўлмайди. Бироқ, улар касбий таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни янада самарали ташкил этиш муҳимлигини кўрсатади.
Хўш, касбий таълим тизимидаги ишлар фақат техникум битирувчилари билан чекланадими?
Ишсиз фуқаролар, камбағал оилалар аъзолари ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш борасида қандай амалий ишлар бор?
Тақдим этилган маълумотларга кўра, республикадаги 811 та таълим муассасасида жами 238 минг 820 нафар банд бўлмаган шахс ва камбағал оилаларнинг ишсиз аъзолари қисқа муддатли касб-ҳунар ҳамда хорижий тил курсларига жалб этилган. Шундан 124 минг 166 нафари Касбий таълим агентлиги томонидан ўқитишга жалб қилинган. Уларнинг 111 минг 527 нафари касб-ҳунарга, 12 минг 639 нафари эса хорижий тилларга ўқитилди. Касб-ҳунарга ўқитилган 28 минг 685 нафар фуқаро ваучер асосида таълим олди. Яна бир эътиборли рақам: қисқа муддатли курсларга 137 минг 627 нафар хотин-қиз жалб этилган. Бу йўналишда йиллик режа 110,8 фоизга бажарилган.
Техникумларда дуал таълим шаклида таҳсил олаётган ўқувчилар сони 112 минг 855 нафарга етган. Дуал таълимни ривожлантириш мақсадида ўтказилган ҳудудий форумларда 979 та иш берувчи корхона ва ташкилот вакиллари қатнашди. Уларнинг 525 таси билан ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Бу ҳамкорлик ёшларнинг ҳали ўқиш давридаёқ иш муҳити билан танишиши, касбий маҳоратни амалда эгаллаши ва келгусида ишга жойлашиш имкониятини оширишига хизмат қилиши мумкин.
Таъкидланишича, малака тоифасига эга педагоглар улуши 2026 йил январь ойидаги 35,8 фоиздан октябрь ойига келиб 42,2 фоизга етган. Октябрь ойига қадар 7 000 нафар педагогнинг малакаси оширилган. Шунингдек, 209 та техникумдан 366 нафар пайвандлаш фани педагогининг малакаси баҳоланиб, уларнинг 165 нафарига EN ISO 9606-1 халқаро стандарти асосида сертификат берилган. Моддий-техник базани яхшилаш доирасида ташаббусли бюджет ҳисобидан 44 та, республика бюджети ҳисобидан эса 2 та техникумда таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Халқаро таълим дастурлари жорий этилган 14 та техникум устахона жиҳозлари, асбоб-ускуналар ва мебеллар билан таъминланган.
Йил якунигача қандай вазифалар белгиланган?
Касбий таълим тизимида йил охирига қадар таълим сифатини ва моддий-техник базани яхшилаш, 6 та илғор касбий маҳорат техникумини ташкил этиш, 200 мингга яқин ўқувчини касбга ўқитиш режалаштирилган. Шунингдек, 400 минг нафар ишсиз фуқарони касб-ҳунар, хорижий тил ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, педагоглар малакасини ошириш, халқаро таълим дастурларини кенгайтириш ва хусусий секторни касбий таълимга жалб этиш белгиланган.
Йил якунига қадар 66,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги инвестиция маблағларини ўзлаштириш ҳам устувор вазифалар қаторига киритилган. Ёшларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш мақсадида “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танлови, “Касб танлаш ҳафталиги”, “Сайёр дарслар” ва “Очиқ эшиклар кунлари” каби тадбирлар ҳам ташкил этилмоқда. “Спорт лигаси” мусобақаларида 154 минг 214 нафар ўқувчи рўйхатдан ўтган.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА