Касбидан бахт топган аёл
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Шу жумладан, Андижон вилояти ҳам улкан қурилиш майдонига айланган. Вилоятда барпо этилаётган янги-янги кўчалар, боғ ва хиёбонлар, мактаб, турар-жой бинолари, савдо ва хизмат кўрсатиш иншоотлари, ҳудудлар инфратузилмаси яхшиланмоқда, қишлоқ ва шаҳарлар янада обод бўлиб, замонавий қиёфа касб этмоқда.
Албатта, ҳар қандай қурилишнинг асоси лойиҳалаш ва муҳандислик соҳасига боғлиқ. Истаймизми, йўқми, мустаҳкам бино ва муҳташам иншоот қиёфаси, пойдевори дастлаб чизмаларда, лойиҳачи-муҳандисларнинг тафаккурида шаклланади. Демак, барпо этилаётган янги иншоотнинг биринчи бунёдкорлари айнан лойиҳачи-муҳандислар десак, асло муболаға бўлмайди.
Таъкидлаш керакки, бугунги кунда, ушбу масъулиятли ва мураккаб соҳада эркаклар билан бир сафда туриб, йирик лойиҳаларга бош-қош бўлаётган, ўзининг кўп йиллик тажрибаси билан салмоқли ишларни амалга ошираётган аёл раҳбарларнинг борлиги миллий шаҳарсозлик нуфузини янада оширмоқда. Хусусан, ана шу соҳада узоқ йиллардан буён самарали фаолият юритиб келаётган Замирахон Солиева ҳам тажрибали лойиҳачи-муҳандислардан.
Замирахон Солиева Булоқбоши туманида туғилган. 1978 йили Тошкент политехника институтининг Архитектура йўналишини тамомлагач, меҳнат фаолиятини ана шу йили Андижон вилояти Архитектура ва қурилиш бошқармасида бошлаган.
Ёш мутахассис сифатида иш бошлаган дастлабки даврда устозларидан соҳа сир-асрорларини пухта ўрганишга интилди. Доимий равишда изланди, тажрибасини оширди. Унинг саъй-ҳаракатлари бесамар кетмади. Бир неча йил ўтиб, тажрибали мутахассис сифатида шаклланди, раҳбарлари, устозлари ишончини оқлади.
[gallery-30810]
Тажрибали мутахассис 2008 йилда ота-онаси, устозларининг дуоси билан “Imkon Qurilish Rivoj” деб номланган масъулияти чекланган жамият ташкил этиб, мустақил иш юрита бошлайди. Бу ишда унга яқинлари, оила аъзолари ёрдам берди, қўллаб-қувватлади. Ана шундан буён ушбу жамият вилоят қурилиш-лойиҳалаш соҳасида самарали фаолият юритиб келмоқда.
Замирахон Солиева раҳбарлигидаги корхона мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган Жалақудуқ туманидаги замонавий тўқимачилик корхонаси, Андижон шаҳри Машраб кўчасидаги беш қаватли турар-жой, Бобур шоҳкўчасида жойлашган беш қаватли савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари, Олтинкўл тумани Меҳнат маҳалласидаги 300 ўринга мўлжалланган инновацион мактабгача таълим ташкилоти биноси, Иттифоқ маҳалласида қад ростлаган етти қаватли замонавий турар-жой мажмуаси, Андижон шаҳрида жойлашган Бобур номидаги хусусий мактаб, Андижон туманидаги 36-умумтаълим мактабининг янги ўқув биноси лойиҳалари ҳудудлар инфратузилмаси ва ўзига хос қиёфасини яратишда муҳим ўрин тутишини алоҳида эътироф этиш лозим.
Умуман, жамият мутахассислари томонидан ўтган 2025 йилда жами 26 та объект лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлса, жорий йилнинг шу пайтига қадар жами 16 та қурилиш объектининг лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланди. Бу ишларга тажрибали, ўз ишининг моҳир устаси ҳамиша ўзи бош-қош.
– Бугунги ёшларга, айниқса, қизларга ҳавасим келади, – дейди З.Солиева. – Чунки бугун мамлакатимизда хотин-қизларга ўз салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Ана шу имкониятлар самараси ўлароқ кўплаб хотин-қизлар нафақат қурилиш, қўйингки, турли соҳаларда самарали иш олиб бормоқда, юртимиз равнақига, халқимиз турмуш фаровонлигининг юксалишига муносиб ҳисса қўшмоқда.
Замирахон Солиева нафақат касбининг фидойиси ва устаси, балки кўплар ҳавас қилса арзийдиган ибратли оиланинг бахтли бекаси. У турмуш ўртоғи билан бир қиз, уч ўғилни тарбиялаб вояга етказди. Ўқитди, уйли-жойли қилди, эл қаторига қўшди. Қувонарлиси фарзанди Дилшодбек, набиралари унинг ишини давом эттирмоқда.
Бугунги кунга келиб, ҳаётидан бахт топган, ўз ишининг фидойиси бўлган Замирахон Солиева асос солган “Imkon Qurilish Rivoj” масъулияти чекланган жамият юқори натижаларга эришмоқда. Бунинг асосий омили жамоада ўзи каби касбининг ҳақиқий фидойилари жамланган.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.