"Касб ва меҳнат куни" нишонланди (+видео)
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Касбий таълим тизимида ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорига кўра, 2026 йилдан бошлаб 5 май “Касб ва меҳнат куни” сифатида ҳар йили кенг нишонланиши ҳамда унинг доирасида жамоатчилик, айниқса, ёшлар орасида касблар жозибадорлигини ошириш ва касбий таълимни оммалаштиришга қаратилган тадбирлар тизимли равишда амалга оширилиши белгиланганди. Шу мақсадда 5 май санасида Тошкент шаҳридаги “Алпомиш” муз саройида мамлакатимиз бўйлаб илк бор кенг кўламда “Касблар фестивали” бўлиб ўтди.
Фестивал доирасида Президент соврини учун “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” кўрик танловининг маҳаллий босқичлари бўлиб ўтди. Касблар фестивали давомида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ёзги тадбирлар майдонида ош чемпионати, Гёте институтининг ёзги майдонида халқаро ҳамкор ташкилотлар иштирокида алоҳида кўргазма ташкил этилди. Ушбу тадбир касблар байрамининг муҳим ва ажралмас қисми бўлиб, касбий таълим соҳасидаги халқаро тажриба ва ҳамкорликни намоён этади.
Фестивал якунида энг фаол корхоналар, ташкилотчилар ва иқтидорли ёшлар турли номинациялар, бир қатор жамоат фаоллари, педагоглар “Ўрта махсус ва профессионал таълим аълочиси” кўкрак нишони билан ҳамда “Касбий таълимда илғор халқаро тажрибалар асосида кадрлар тайёрлашни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришнинг долзарб муаммолари, ечимлари ва истиқболлари” мавзусида Республика илмий-амалий конференциясига келиб тушган энг яхши 10 та мақола эгаси тантанали равишда тақдирланишди.
Фестивалнинг асосий мақсади — аҳолининг, айниқса ёшларнинг касб-ҳунарга бўлган қизиқишини ошириш, касбий таълимни кенг тарғиб қилиш ҳамда уларни замонавий ва талаб юқори бўлган соҳаларга йўналтиришдан иборат. Маълумот учун, фестивал республиканинг барча ҳудудларида 30 майга қадар давом этади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/8K-pY7bIAx0?si=qJxKBj_v0FlD9mLh" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА