Касаба уюшмалари ва инсон қадри
11 ноябрь – Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни
Мамлакатимизда фуқароларни қўллаб-қувватлашда, уларга бағрикенглик кўрсатишда, жамоа аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини, соғлиғини тиклаш ва дам олишини ташкил этишда жамиятда ўз ўрнига эга бўлган ташкилотлардан бири Касаба уюшмаларидир.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари ўз тарихига эга бўлиб, 1990 йилда республика касаба уюшмалари томонидан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясини ташкил этиш ҳақида декларация қабул қилинган эди. Шунингдек, уни ташкилий жиҳатдан расмийлаштириш ишлари 1991 йилда Федерация уставини қабул қилиш билан якунланди.
Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси 73-моддасида касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этадилар ва ҳимоя қиладилар. Касаба уюшмаларига аъзо бўлиш ихтиёрий эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
2019 йил 6 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Унга кўра, касаба уюшмаси — фуқароларнинг ўз фаолияти ёки ўқиши тури бўйича умумий касбий манфаатлари билан боғлиқ бўлган, уларнинг меҳнатга оид, бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида тузиладиган, ўз устави асосида фаолият кўрсатадиган ихтиёрий жамоат бирлашмаси ҳисобланади. Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари давлат бандлик дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, бандликни таъминлаш, шу жумладан, янги иш ўринларини ташкил қилиш ва мавжудларини сақлаб қолиш, ташкилотларнинг фаолиятини яхшилаш, ходимларнинг оммавий равишда ишдан озод этилишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни таклиф этиш ҳуқуқига эга.
Бир-бирига ёрдам, оғир дамларда ҳамдам, меҳр-оқибат юксак инсонийлик белгиси, инсонни қадрловчи омиллардир. Мозийда яшаб ўтган мутафаккирларнинг инсон ва унинг яшашдан мақсади, мукаммал жамият, одил ва маърифатли шоҳ, комил инсон ҳақидаги қимматли фикрлари ҳозиргача ўз қадрини йўқотмасдан инсониятга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган “Аёллар дафтари” тизимининг йўлга қўйилиши хотин-қизлар муаммолари билан тизимли равишда шуғулланиш ва улар ечимини топиш борасида кенг имкониятлар яратди. Хусусан, “Аёллар дафтари”га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган ишсиз, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган, нотурар жойларда истиқомат қилаётган, қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган фарзандлари мавжуд ёлғиз аёллар, шунингдек, тиббий ҳимоя, ҳуқуқий ёрдам ва психологик маслаҳатга муҳтож эҳтиёжманд аёлларга амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Республика даражасида ҳал этиладиган муаммолар бўйича эса “Йўл хариталари” тузилиб, кўплаб масалаларга ечим топилмоқда. Бу борада Касаба уюшмалари федерацияси томонидан республикамизнинг турли ҳудудларида яшовчи, “Аёллар дафтари”га кирган хотин-қизларга республика вилоятларига бепул туристик саёҳатлар ташкил этилмоқда.
“Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонлари, шунингдек, “Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори ижросини таъминлаш юзасидан Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясида Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари мунтазам муҳокама қилиб борилади ва тизимли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
2022 йилнинг 7 мартида қабул қилинган “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон билан хотин-қизларнинг мамлакатимиз иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган Миллий дастур ҳам тасдиқланган эди. Республикамиз тарихида илк бор қабул қилинган мазкур Миллий дастур ёши, ирқи, эътиқоди, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, мамлакатимиздаги барча хотин-қизларни қамраб олиши билан муҳим аҳамиятга эгадир. Янги Низом билан хотин-қизларга кўрсатиладиган 41 турдаги хизматлар (ёрдамлар) тўплами жорий қилинган. Эндиликда хотин-қизлар 1 йил давомида ушбу ёрдамларни олиб, ижтимоий аҳволи яхшилангач уларни “Аёллар дафтари”дан чиқариш мумкин бўлади. Шунингдек, ҳуқуқий, тиббий ва психологик ёрдамлар “дафтар”га киритилган барча хотин-қизларга кўрсатилади. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш мақсадида “тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар” алоҳида тоифа сифатида белгиланди.
Янгиланган Конституциянинг 43-моддасида давлат ишсизлик билан курашиб, бандликни таъминлаш ва камбағалликни камайтириш бўйича чоралар кўриш мажбурияти ўз аксини топган. Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида инсон қадрини улуғлашга йўналтирилган ижтимоий ҳимоя сиёсати бўйича белгиланган вазифалар доирасида 2026 йилга қадар эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олинишини назарда тутилган. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида ёрдамга муҳтож аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар бўйича алоҳида маълумотлар базасини яратиш, жумладан, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” билан интеграция қилинди.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг маблағлари ҳисобидан 2022 йилдан бошлаб ҳар йили маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимлари ёрдамчиларининг ёзма тавсияномасига асосан, боқувчиси хорижга меҳнат миграциясига чиқиб кетган ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган оилаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дан бирига киритилган, ногиронлиги бўлган оила аъзоларига дори-дармон, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари ва ортопедик маҳсулотлар харид қилиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасида улар билан бирга истиқомат қилувчи пенсия ёшига етган ёки I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган оила аъзоларига касаба уюшмалари тизимидаги санаторий ва профилактик даволаниш муассасаларига бир марталик бепул йўлланма бериш, маҳаллалардаги ёшлар етакчиларининг ёзма тавсияномасига асосан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатда бўлган ёки “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”дан бирига киритилган ҳамда меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг болаларига мавсумий фаолият юритадиган оромгоҳларга бепул йўлланмалар бериш тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.
Инсонни қадрлаш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар асосини ташкил этади. Азал-азалдан халқимиз ёрдамга муҳтож кишиларга мурувват кўрсатган, ногиронларни қўллаб-қувватлаган, етим-есирлар бошини меҳр ила силаган, бағрига босган.
Халқимиз авлодлардан мерос бўлиб келаётган ана шу энг яхши фазилатларни асраб-авайлаб сақлаб келмоқда. Бунда, албатта, касаба уюшмаларининг роли беқиёсдир. 11 ноябрь Ўзбекистонда Касаба уюшмалари куни эканлиги қонун билан белгилаб қўйилди. Ушбу байрам билан барча касаба уюшмалари ходимлари ва аъзоларини самимий табриклаймиз ва келгуси ишларига омадлар тилаймиз!
Абира Хусейнова,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.
ЎзА