
Сурхондарё вилоятида ташкилот, корхона ва муассасалар бошланғич касаба уюшмаси қўмиталарининг ҳисобот-сайлов конференциялари бўлиб ўтмоқда.
“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг 2020 йил июлдан 2025 йил февралгача бўлган даврдаги фаолияти якунларига бағишланган анжуманида филиал, туман, шаҳар бўлимлари ва цехлардаги касаба уюшмаларидан сайланган делегатлар, Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши, “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти бошланғич касаба уюшмалари қўмитаси, Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши масъуллари иштирок этди.

Конференцияда “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси Алижон Қобилов ва касаба уюшмаси тафтиш комиссиясининг ҳисоботлари тингланиб, муҳокама этилди.

Қайд этилдики, ҳисобот даврида касаба уюшмаси низомда белгиланган қоидалар асосида фаолият юритиб, сезиларли натижаларга эришди. Жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнат режимининг ижтимоий адолатли тизими жорий этилиши, жамоа шартномалари тузилиши ва уларнинг бажарилиши, меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назорати ўрнатилди. Ходимлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлашга эътибор кучайтирилди. Ишчи-ходимлар, айниқса, ёшларни меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилишга йўналтирилган дастурларни ишлаб чиқишда иш берувчи билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилди. Ўтказилаётган маданий-маърифий, жисмоний тарбия ва спорт тадбирлари сифат жиҳатдан яхшиланиб, ишчиларнинг бўш вақтидан оқилона фойдаланишига қулай шароитлар яратилмоқда. Касаба уюшмаси аъзолари ва улар оила аъзоларини соғломлаштириш юзасидан салмоқли ишлар амалга ошириляпти.

Конференцияда касаба уюшмасининг ҳисобот даврида эришган ютуқлари алоҳида эътироф этилиб, йўл қўйилган камчиликларга эътибор қаратилди. Келгусида ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини янада кучли ҳимоя қилишга аҳамият бериш юзасидан таклиф ҳамда тавсиялар билдирилди.
Анжуманда Ўзбекистон касаба уюшмаларида жорий этилган янги сайлов тизимига мувофиқ бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси раиси муқобиллик асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланди. Шунингдек, бошланғич касаба уюшмаси ташкилотининг янги органлари ҳам сайлаб олинди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/v81siXiJeTg" title="Kasaba uyushmalari: tashkilot raislari yangi tizim asosida saylanmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири