Касаба уюшмалари фаолиятига эътироф
11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан Қибрай туманида "Янги Ўзбекистон — янги касаба уюшмалари" шиори остида вилоят байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Тошкент вилояти касаба уюшмалари тизими вакиллари, меҳнат фахрийлари, турли тармоқ ва ташкилотларнинг касаба уюшмалари фаоллари иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққан Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев соҳа ходимлари, фаоллари ва фахрийларини касб байрами билан самимий табриклади.
Вилоят ҳокими ўз нутқида касаба уюшмаларининг жамият ҳаётидаги ўрнига алоҳида тўхталиб, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитларини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат жамоаларида соғлом муҳитни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Тошкент вилояти касаба уюшмалари тизими 650 минг нафардан зиёд аъзони бирлаштирган. 6 мингдан ортиқ жамоа шартномалари орқали ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари ҳимоя қилинмоқда.
Жорий йилнинг ўтган 10 ойида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 10 минг 523 нафар фуқаронинг ишга жойлашиши таъминланган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 15 минг нафардан зиёд фуқарога 5 миллиард 172 миллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, ёшларнинг олий таълим олиши, ёш оилалар ва ишчи-ходимларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ташаббуслар амалга оширилган.

Меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш ва жамоатчилик назоратини кучайтириш борасидаги ишлар ҳам эътибордан четда қолмади. Хусусан, корхона ва ташкилотларда ўтказилган жамоатчилик назорати натижасида 47 минг 212 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 7 миллиард 147 миллион сўм маблағ ундирилишига эришилган.
Тадбир давомида касаба уюшмалари тизимида самарали фаолият юритиб, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ фаолларга ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди.

Шунингдек, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнидаги фаоллиги учун Тошкент вилояти ҳокими З.Мирзаев Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром” нишони билан тақдирланди. Мукофотни Федерация раисининг биринчи ўринбосари Б.Маҳмадалиев тантанали равишда топширди.
Байрам тадбирида касаба уюшмаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти акс эттирилган видеоролик намойиш этилди. Мавзуга бағишланган бадиий-мусиқий композиция, санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг чиқишлари иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.
А.Мусаев,ЎзА