Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Халқаро картошкачилик маркази (CIP) "Картошка ва батат селекцияси ҳамда уруғчилигини йўлга қўйиш орқали Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилаш ва иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш" беш йиллик дастурини амалга оширишга киришмоқда.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, жорий йил Картошкачилик илғор тадқиқотлар ва ишланмалар маркази очилиши режалаштирилган.
Иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигига салбий таъсири картошка ва ширин картошка (батат)нинг янги навларини яратиш ва тарқатиш заруратини келтириб чиқарди. Картошка озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда катта, ўрта ва айниқса кичик фермерлар учун даромад олишда энг мукаммал сабзавотлардан бири саналади. Ушбу юқори сифатли экин қурғоқчилик ва тупроқнинг шўрланиши ортган стрессли шароитларга чидамли ҳамда сувдан ва озуқавий моддалардан оқилона фойдаланиш шароитларига бардошли бўлгани туфайли мамлакатимизда катта салоҳиятга эга.
Ўзбекистонда озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича аҳолининг эҳтиёжларини қондириш учун тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги CIP марказига Ўзбекистонда аккредитациядан ўтганини тасдиқловчи ва офис фаолиятини қайта тиклаши мумкинлигини тақдиқловчи сертификатини берди. CIP 1971 йилда ташкил этилган картошка соҳасидаги халқаро илмий-тадқиқот ташкилоти (бош қароргоҳи Перуда) бўлиб, дунёнинг 30 мамлакатида фаолият кўрсатмоқда.
- Картошка Ўзбекистон учун буғдойдан кейинги ўринда турадиган стратегик маҳсулот ва мамлакат истеъмол саватида етакчи ўринларни эгаллайди, - дейди CIPнинг Марказий Осиё ва Кавказ бўйича вакили Русудан Мдивани. - Яқин 5 йиллик ичида CIPнинг Ўзбекистондаги вазифаси - картошка ва ширин картошка соҳасида илғор тадқиқотлар ва ишланмалар марказини яратишдан иборат. Кутилаётган натижа — картошка ҳосилдорлигининг камида 30 фоизга ортиши, бунда қиймат занжирида CIP фаолияти фермерлар фойдасини камида 15 фоизга оширади. Олинган сертификат Ўзбекистон Республикаси ва Марказий Осиё минтақасида фермерлар ва қишлоқ хўжалиги ҳамжамияти манфаати йўлидаги вазифамизни оптимал равишда амалга оширишга имкон беради.
CIP билан ҳамкорлик ва марказнинг очилиши Ўзбекистонда қуйидаги амалий натижаларга эришишга олиб келади:
– маҳаллий уруғчиликни ривожлантириш, картошканинг қурғоқчилик, касалликлар ва зараркунандаларга чидамли янги маҳаллий серҳосил навларини яратиш;
– фермерларга маслаҳат хизматларини кўрсатиш ва картошка соҳасидаги етакчи халқаро экспертлар иштирокида ўқитиш;
– картошка ва дон маҳсулотларини алмашлаб экишнинг янги тизими ҳамда сақлаш ва қайта ишлашнинг инновацион усулларини жорий этиш;
– селекцион ерлар ва картошкачилик бўйича мутахассисларининг малакасини ошириш;
– картошка ва бататнинг элита ва супер элита авлодлари, маҳаллий сифатли уруғлик материалларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш.
Картошкачилик илғор технологиялари ва ишланмалари маркази ҳосилдорликни ошириш ва экспорт учун шароитлар яратиш ҳисобига мамлакатимиз картошка секторининг трансформациясига туртки беради. Мазкур ташаббус Марказий Осиё учун Ўзбекистон ва қўшни давлатларда картошка уруғларини ишлаб чиқариш миллий тизимларини мустаҳкамлаш бўйича халқаро тажрибага ва минтақавий ресурсга айланади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, 2005-2016 йилларда Тошкентда бутун Марказий Осиё бўйлаб фаолият юритувчи CIP минтақавий офиси жойлашган эди. 2015 йилда Биоорганик кимё институти билан ҳамкорликдаги фаолият натижаси ўлароқ "Картошканинг биотехнологик мажмуи" яратилган. Унга картошканинг 132 та ҳамда бататнинг 3 та клони киритилган бўлиб, кўпайтириш ва синовдан ўтказиш учун invitro усулидаги экин сифатида CIP томонидан Ўзбекистонга топширилган эди.
Шунингдек, 2016 йилда Ўзбекистон Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти CIP кўмаги остида картошканинг 9 та янги нави маҳаллийлаштирилган эди. Уларнинг тўрттаси ("Сарнав", "Серҳосил", "Барака", "Пском") Давлат реестрига киритилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА