Бугунги кунда энергетика соҳасида глобал ўзгаришлар ва парадигма алмашувлари юз бермоқда. Карбон нейтраллик ва “яшил” ривожланиш эса бутун дунёда асосий устувор йўналиш сифатида кун тартибига чиқмоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик мустаҳкамланиб, тобора катта аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистон ҳукумати 2030 йилгача энергия ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи манбалар улушини 54 фоизга етказишни мақсад қилган. Бу эса Корея билан қўшма ташаббуслар амалга ошириш, инновацион технологияларни жалб қилиш ва ўзаро тажриба алмашиш учун улкан имкониятлар эшигини очади.
Энергетика вазирлигининг "яшил" иқтисодиёт бўлими бош мутахассиси Ойбек Рихсибоев икки мамлакат ўртасида энергетика соҳасидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди:
–Айтиш жоизки, кейинги пайтда икки давлатнинг энергетика соҳаси масъуллари, мутахассислари ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Куни кеча ўтказилган Биринчи Ўзбекистон - Корея халқаро энергетика форуми ҳам бунга яққол мисолдир.
Корея қайта тикланувчи энергия, энергия самарадорлиги ва замонавий технологик ечимлар бўйича жаҳон миқёсида илғор тажрибага эга. Ўзбекистон эса бой табиий ресурслари ва юқори салоҳиятли инсон капитали билан ажралиб туради. Икки мамлакатнинг ушбу имкониятларини уйғунлаштириш орқали ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдевори яратилиши мумкин. Айниқса, Ўзбекистоннинг қуёш, шамол ва гидроэнергетика соҳасидаги улкан салоҳиятини инобатга олган ҳолда, Кореянинг қайта тикланувчи энергия технологиялари ва лойиҳалаштиришдаги тажрибаси билан бирлашиш мамлакатимиз Марказий Осиёдаги минтақавий қайта тикланувчи энергия марказига айланиши имкониятини беради.
Шунингдек, энергия тежамкорлиги ва самарадорлигини ошириш масаласи ҳам ўзаро ҳамкорлик учун муҳим йўналиш ҳисобланади. Қайта тикланувчи энергиядан барқарор фойдаланиш учун юқори самарали энергия бошқаруви зарур. Корея бу соҳада жаҳон даражасидаги илғор технологияларга эга бўлиб, турли тармоқларда энергия самарадорлигини ошириш орқали икки давлат ўртасида янги ҳамкорлик йўналишларини йўлга қўйиш имкони мавжуд. Шу билан бирга, углерод чиқиндиларини камайтириш масаласига ҳам алоҳида урғу қаратилмоқда. Корея углерод ва иссиқхона газлари чиқиндисини қисқартириш, қазилма ёқилғидан фойдаланишни чеклаш ҳамда иқлим ўзгаришига қарши кураш борасида ҳам катта тажрибага эга.
Ўзбекистон ушбу технологиялардан самарали фойдаланиш орқали иқлим ўзгаришига мослашув салоҳиятини ошириши мумкин. Иссиқхона газлари чиқиндисини қисқартириш бўйича амалга ошириладиган қўшма лойиҳалар нафақат технологик жиҳатдан, балки инвестициявий жиҳатдан ҳам аҳамиятли эканини таъкидлаш лозим.
Томонларнинг асосий мақсади келажак авлод учун яхшироқ муҳит яратиш, янги бизнес йўналишлари ва иш ўринларини ташкил этишдир. Корея Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ва барқарор ривожланиш йўлида ишончли шеригидир. Бу мақсадларга нафақат давлатларимиз ҳукуматлари даражасида, балки инсон ресурслари, савдо ва таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш натижасида эришиш мумкин. Ёшларнинг таълими ва технологияларини ривожлантириш орқали икки мамлакат ўртасида узоқ муддатли асос яратилади.
Шундай имкониятлар асосида айтиш жоизки, куни кеча ташкил этилган Биринчи Ўзбекистон – Корея халқаро энергетика форуми икки томонлама ҳамкорликнинг янги саҳифасини очишга хизмат қилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ybjgg1JFAtc" title="Karbon neytrallik va “yashil” rivojlanish yo‘nalishlarida yangi imkoniyatlar ochilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>ЎзА мухбири
Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.