Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигида барқарор сув таъминотини таъминлаш мақсадида Жанубий тармоқ–15 каналида кенг кўламли бетонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Лойиҳа якунлангач, йилига 0,9 миллион куб метргача сув тежалиши, 2000 гектар ер майдони кафолатли равишда сув билан таъминланиши ҳамда сувдан фойдаланиш самарадорлиги 95 фоизгача ошиши кутилмоқда.
Бугунги кунда каналнинг 4,5 километрида тупроқ ишлари, 3,2 километрида эса бетонлаштириш ишлари амалга оширилди. Реконструкция доирасида 14 та гидротехник иншоотни тўлиқ таъмирлаш ва янгилаш, 3 минг куб метр бетон ва 20 минг куб метр тупроқ ишларини бажариш режалаштирилган.

Қуйи Сирдарё ирригация тизими ҳавза бошқармаси бошлиғи Нуркамол Отақуловнинг таъкидлашича, мазкур лойиҳа сув ресурсларини бошқаришдаги муҳим ислоҳотлардан бири ҳисобланади.
– Бугун дунё миқёсида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш стратегик аҳамият касб этмоқда. Сирдарё вилоятида ҳар бир томчи сув қадрли. Шу боис Жанубий тармоқ–15 каналида амалга оширилаётган бетонлаштириш ишлари сув йўқотилишини сезиларли даражада камайтиради, сувни манзилига етказиш тезлашади. Бу ўз навбатида фермер хўжаликлари ва аҳоли томорқаларида барқарор сув таъминотини таъминлаб, ҳосилдорликни оширишга замин яратади, – деди у.
Маълумот учун: мазкур канал 1961 йилда ишга туширилган бўлиб, унинг умумий узунлиги 10 километр, шундан 5,6 километри бетон, 4,4 километри эса тупроқ ўзанли. Каналдаги лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти 2,5 куб метр/секундни ташкил этса-да, сўнгги йилларда дамбалардаги деформация ва чўкишлар сабабли бу кўрсаткич 1,2 куб метр/секундгача пасайиб кетган. Бу эса, айниқса, сув танқис мавсумларда фермерлар учун жиддий муаммо туғдирган.

Лойиҳа якунлангач, сув ўтказиш қобилияти яна лойиҳавий даражага етказилади, сув йўқотилиши кескин камаяди. Тажриба кўрсатишича, шундай бетонлаштирилган каналлар орқали сув тежамкорлиги 30–35 фоизгача ошади, бу эса ҳудуддаги сув танқислигини бартараф этишда катта аҳамият касб этади.
Маҳаллий фермерлар ҳам лойиҳадан катта умидвор. Улар фикрича, каналнинг янги кўриниши сув тақсимотини барқарорлаштириб, экин майдонларида ҳосилдорликни камида 15–20 фоизга ошириш имконини беради.
Шу билан, Сардоба туманида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа нафақат ирригация тизимини модернизация қилиш, балки сувни тежавчи технологиялар асосида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, аҳолининг турмуш сифатини яхшилаш сари муҳим қадам бўлмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири