Канада Қирғизистонда олтин қазиб олиш лойиҳаларига улкан сармоя киритади
Канаданинг “Silvercorp Metals” кончилик компанияси Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Чаарат конини ривожлантиришга 556 миллион доллар сармоя киритади.
Инвестиция икки лойиҳага йўналтирилади. 2026-2028 йиллар оралиғида “Тулкубош” конида йилига 4 миллион тоннагача рудани қайта ишлаш, 3 тоннадан зиёд олтин ишлаб чиқариш учун мўлжалланган 156 миллион долларлик завод қурилади. “Қизилтош” конида эса 2028-2031 йиллар оралиғида барпо этиладиган йирик корхона учун 400 миллион доллар ажратилади. Йилига 4 миллион тоннагача хом ашёни қайта ишлайдиган ушбу мажмуада ишлаб чиқариш ҳажми 5,9-7,1 тоннани ташкил қилади.
Шу йил январь ойида “Silvercorp Metals” “Чаарат” акциясининг 70 фоизини 92 миллион долларга сотиб олган. Қолган 30 фоиз улуш давлатга қарашли “Қирғизолтин” концернига тегишли.
С.Раҳимов, ЎзА