Канада мудофаа вазири АҚШ билан ҳарбий ҳамкорлик чеклангани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди
Канада мудофаа вазири Дэвид Макгинти икки давлат қуролли кучлари ўртасидаги алоқани чекловчи махфий АҚШ меморандумини кўрмаганини маълум қилиб, Канада ва Америка ҳарбийлари яқиндан ҳамкорлик қилишда давом этаётганини таъкидлади.
Галифаксдаги хавфсизлик конференцияси доирасида “Reuters” агентлигига интервью берган Макгинти “The Washington Post” нашрида чоп этилган, АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет томонидан юборилгани айтилган ва икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликка чеклов киритиши мумкин бўлган ҳужжатдан бехабар эканини билдирди.
Унинг таъкидлашича, Канада ва АҚШ мудофаа ҳамкорлигида ҳеч қандай узилиш ёки келишмовчилик йўқ. Икки давлат ҳарбийлари Кариб денгизида гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмасига қарши курашиш, ракетага қарши мудофаа тизимини бошқариш ва зарурат туғилганда Шимолий Америка осмонини ҳимоя қилиш учун қирувчи самолётларни ҳавога кўтаришда шерикликни давом эттиряпти.
Пентагон бу хабар юзасидан расмий изоҳ бермаган. “The Globe and Mail” газетасига кўра, ташкилот матбуот котиби Шон Парнелл мазкур кўрсатма НАТО, Шимолий Америка аэро фазовий мудофаа қўмондонлиги (NORAD) ва разведка амалиётига таъсир қилмаслигини айтди. Жанубий Дакотадан сайланган республикачи сенатор Майк Раундс ҳам ҳужжат билан таништирилганини билдириб, бу қоғозда АҚШ ҳарбийлари йиллар давомида бажариб келаётган одатий вазифадан ташқари жиддий янги чеклов йўқлигини таъкидлаган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА