Биржадаги катта даромад ортида нима бор?
Туркия прокуратураси фонд биржаси билан боғлиқ йирик молиявий можаро доирасида 108 шахснинг қимматли қоғозини музлатишни сўради. Тергов маълумотида бозорда нарх сунъий ўзгартирилиши мумкин бўлган даврда уларнинг ҳар бири 2 миллион доллардан ортиқ даромад олган.
18 ноябрга тегишли ҳужжатда молия ташкилотларига мазкур шахсларнинг йирик пул ўтказмаси, нақдлаштириш амалиёти ва кўчмас мулк билан боғлиқ битимларини назорат қилиш топширилган. Пулни музлатиш ҳақидаги талаб амалда бажарилган-бажарилмагани ҳозирча номаълум. Ишчилар партияси депутати Аҳмет Шик эълон қилган маълумотга кўра, рўйхатда давлат идоралари, сиёсий доиралар, йирик компаниялар ва молия соҳасига алоқадор шахслар номи бор. Даромаднинг юқори миқдори эса қонунбузарликни исботламайди.
Можаро сентябрь ойида бир неча инвестиция фонди мижозлар пулини қайтариш талабини бажара олмагандан кейин авж олди. 17 сентябрь куни Туркия капитал бозори кенгаши 7 бошқарув компаниясига тегишли 131 фондни тугатиш бўйича қарор чиқарди. Терговчилар айрим иштирокчилар акция нархини сунъий ошириш орқали мислсиз фойда кўрган-кўрмагани, шунингдек имтиёзли маълумотдан фойдаланилганини аниқламоқда. Можаро тахминан 17 миллиард долларлик қийматга дахлдор бўлиб, мамлакат молия тизими устидан назорат масаласини ҳам кун тартибига олиб чиқди.
Мусулмон Зиё, ЎзА