Камолиддин Ўринбоев Қозоғистон Республикасининг II даражали « «Dostyq» («Дўстлик») ордени билан тақдирланди
Қозоғистон Республикаси Президенти фармонига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, Ўзбекистон давлат консерваторияси ректори, Ўзбекистон давлат симфоник оркестрининг бадиий раҳбари ва бош дирижёри Камолиддин Ўринбоев Қозоғистон Республикасининг юксак давлат мукофоти — II даражали « «Dostyq» («Дўстлик») ордени билан тақдирланди.
Жорий йилнинг 29 октябрь куни Остона шаҳрида давлат мукофотларини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Маросим давомида давлат раҳбарининг топшириғига биноан орденни Қозоғистон Республикаси вице-президенти Ерлан Карин тантанали равишда топширди.
Мазкур юксак мукофот К.Ўринбоевнинг кўп йиллик самарали ижодий фаолияти, мусиқа санъатини ривожлантириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро ижодий ҳамкорликни кенгайтиришга қўшган муносиб ҳиссасининг эътирофи бўлди.
Ушбу воқеа давлат раҳбарлари томонидан олиб борилаётган икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш, маданий дипломатияни ривожлантириш ҳамда икки қардош халқ ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган изчил сиёсат нуқтаи назаридан алоҳида аҳамият касб этади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА