Камилла ва Полина Хитой кортларида порлади
Хитойнинг Нинбо шаҳридаги Инчжоу теннис марказида аёллар ўртасидаги WTA 500 тоифасига кирувчи «BNB Ningbo Open» халқаро турнирида Камилла Раҳимова ва Полина Кудерметова мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Айни дамда мукофот жамғармаси 1 миллион 206 минг 446 АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур турнирнинг асосий тўрига йўлланма берувчи саралаш баҳслари ўтказилмоқда. Қувонарлиси ушбу босқичнинг илк даврасидан Камилла ва Полина муваффақиятли ўтди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, Полина Кудерметова биринчи босқичда Таиланд вакиласи Мананчая Савангкаевни 6:3, 6:4 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Камилла Раҳимова украиналик Даяна Ястремскаяни 6:2, 6:4 ҳисобида таслим этди.
Шу тариқа саралаш баҳсларининг финалида Полина россиялик Анастасия Захарова билан куч синашса, Камилла эса яна бир рус теннисчиси Татьяна Прозоровага қарши кортга чиқади.
«BNB Ningbo Open» халқаро турнирининг асосий тўр баҳслари 19–25 октябрь кунлари ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА