Камилла Раҳимова “Lexus Birmingham Open” турнирида иштирок этади
Англиянинг Бирмингем шаҳрида WTA 125 таснифига кирувчи “Lexus Birmingham Open” турнири бошланди. Унда мамлакатимизнинг биринчи рақамли теннисчиси Камилла Раҳимова жуфтлик баҳсларида иштирок этмоқда.
Мукофот пули 225 минг АҚШ долларини ташкил этувчи мазкур халқаро турнирнинг жуфтлик беллашувларида Камилла нейтрал теннисчи Алина Чараева билан тандем ҳосил қилди. Улар мусобақадаги илк баҳсини эртага, 3 июнь куни мамлакатимиз вақти билан соат 14:30 дан сўнг, АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган Мэри Стояна ва Кайла Дэй дуэтига қарши ўтказадиган бўлди.
Маълумот учун, мазкур мусобақада яккалик баҳслари ғолиби 33 минг 650, жуфтликлар баҳси чемпионлари эса 9 минг 900 АҚШ доллари мукофот пулига сазовор бўлади. Шунингдек, ҳар икки йўналиш ғолибларига 125 рейтинг очко тақдим этилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА