Камбоджада Ўзбекистоннинг парламент дипломатияси бўйича ўзига хос миллий тажрибаси тақдим этилди
Камбоджа Қироллигининг Пномпень шаҳрида “Тинчлик ва умумий фаровонлик йўлидаги ҳамжиҳатлик: халқаро ҳуқуқни мустаҳкамлаш ва можароларни тинч йўл билан ҳал этиш” мавзусида II парламент спикерларининг парламентлараро конференцияси бўлиб ўтди.
Унда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этди.
Халқаро тадбирда Камбоджа, Покистон, Россия, Беларусь, Мексика, Гана, Бруней, Мьянма ҳамда бошқа бир қатор давлатлар парламентлари аъзолари дунёда тинчликни мустаҳкамлаш, парламент дипломатияси ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш масалалари юзасидан фикр алмашди.

А.Эшмуродов ўз маърузасида парламент дипломатиясида Ўзбекистон ўзига хос миллий тажрибага эга экани, Марказий Осиёда яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва амалий ҳамкорлик муҳити сезиларли даражада мустаҳкамлангани, мураккаб масалаларни музокаралар орқали ҳал этиш амалиётига алоҳида урғу берилаётганини таъкидлади.

Тадбир доирасида Камбоджа қироли Нородом Сиамони Ўзбекистон Олий Мажлиси делегацияси билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси делегацияси Россия, Беларусь, Вьетнам парламентлари вакиллари билан парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш масаласи юзасидан учрашувлар ўтказди.

Ўзбекистон парламенти аъзолари Камбоджа миллий бренди остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар кўргазмасида ҳам иштирок этди.
Н.Абдураимова,
ЎзА