ФОТОРЕПОРТАЖ
Давлатимиз раҳбари раислигида шу йилнинг 11 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ишларини кейинги сифат босқичига олиб чиқиш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан Сурхондарё вилоятида аниқ мақсадга йўналтирилган амалий ишларга киришилди.
Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Музработ туманида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурига мувофиқ аҳолини қўллаб-қувватлаш чоралари бўйича юклатилган вазифалар ижроси юзасидан йиғилиш ташкил этган эди. Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида вилоятда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да турган 23 минг 300 оила мутасаддиларга бириктирилиб, амалга оширадиган ишлари тушунтириб ўтилди.
[gallery-19354]
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳусниддин Мамадиевга туманда камбағалликни қисқартириш учун 5 та оила бириктирилди. Бошқарма бошлиғи ўзига бириктирилган оила вакиллари билан учрашди.
“Хонадонбай” олиб борилган ўрганишлар давомида оилалар, асосан хотин-қизларнинг муаммолари тингланди. 1 нафар аёл ҳудуддаги 23-мактабга ишга жойлаштирилди, 1 нафар аёлнинг тикувчилик йўналишида иш бошлаши кўзда тутилди. Шунингдек, 1 та оила вакилининг даволаниши учун кўмаклашилмоқда, қолган 2 та оила вакиллари тадбиркорликка йўналтирилди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА