Камбағалликни бартараф этиш – асосий вазифа
Камбағалликни қисқартиришни фақат моддий кўмак билан эмас, аввало, инсонга барқарор даромад топиш имконини яратиш билан таъминлаш мумкин. Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларнинг мазмун-моҳияти ҳам аҳолини банд қилиш, фуқаролар даромадларини ошириш ва шу орқали оилалар фаровонлигини юксалтиришга қаратилгани билан аҳамиятли.
Зомин туманида бу вазифалар қоғозда қолиб кетмаслиги, ҳар бир хонадонгача етиб бориши учун манзилли ишлар кучайтирилмоқда. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Зарифжон Омонқулов ва Зомин тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Исроилжон Нурматов иштирокида Пахтакор ҳамда Бунёдкор маҳаллаларида маҳалла еттилиги ва маҳалла фуқаролари билан учрашувлар ўтказилди.
Мулоқотларда масалага бир томонлама эмас, хонадон тақдири нуқтаи назаридан ёндашилди. Ишсиз фуқарони доимий ишга йўналтириш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ҳар бир оиланинг мавжуд имкониятини аниқлаш ва уни барқарор даромад манбаига айлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.


Бу ерда эътиборли жиҳат шундаки, камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали йўли инсонни меҳнат жараёнига жалб этиш, унинг қўлидаги имкониятни даромад манбаига айлантиришдир. Шунинг учун маҳаллаларнинг инфратузилмаси ва иқтисодий салоҳиятидан келиб чиқиб, янги лойиҳаларни ишга тушириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Очиқ мулоқотнинг яна бир муҳим жиҳати одамларнинг дардини эшитиш ва унинг ечимини қидиришдир. Учрашувларда фуқароларнинг ижтимоий, маиший, бандлик ва оилавий масалалари, хотин-қизларнинг муаммоларига оид мурожаатлари ҳам атрофлича кўриб чиқилди.


Жами 18 та мурожаат қабул қилиниб, шундан 5 таси жойида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганишни талаб этувчи 13 та мурожаат юзасидан тегишли ташкилот ва масъул идораларга аниқ топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди. Ҳар бир мурожаат бўйича фуқароларга амалдаги қонунчилик талаблари асосида ҳуқуқий тушунтириш ва тавсиялар берилди.

Зомин туманида аҳоли билан очиқ ва бевосита мулоқот қилиш, ҳар бир хонадоннинг имконият ва муаммосини ўрганиш, янги даромад манбаларини яратиш, бандликни таъминлаш ва фуқаролар мурожаатларига амалий ечим топишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири