Калифорния қирғоғида машина-амфибия ва чўкиб кетган денгизчилар топилди

АҚШнинг Калифорния штати ҳудудида океан тубидаги жанговар машина-амфибия ва сувга чўкиб ҳалок бўлган денгиз жангчилари жасади топилди.
АҚШнинг Калифорния штати ҳудудида океан тубидаги жанговар машина-амфибия ва сувга чўкиб ҳалок бўлган денгиз жангчилари жасади топилди. Бу ҳақда Денгиз пиёда қўшинлари 1-экспедиция корпуси қўмондонлиги хабар берган.
Аввалроқ Жанубий Калифорнияда 30 июль куни ўтказилган ўқув машғулоти вақтида бир денгизчи ҳалок бўлгани, унинг 8 нафар шериги бедарак йўқолгани ва кейинроқ улар ҳам нобуд бўлган, деб ҳисоблангани тўғрисида айтилганди.
Чўкиб кетган машина тахминан 117 метр чуқурликда тургани махсус сув ости аппарати ёрдамида аниқланди. Операция чоғида олинган видео тасвир машина ичида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар борлигини исботлаган, бироқ жасади топилган денгизчилар сони ҳақида ҳозирча аниқ маълумот тақдим этилмаган.
Қўмондонлик масъуллари машина шу ҳафта охиригача тортиб олинишини билдирган.