Янги Ўзбекистон бугунги кунда катта марралар сари дадил одимламоқда. Ҳар бир ислоҳотларни одамлар ўз ҳаёти мисолида сезиши, ҳаётдан рози бўлиши йўлида жиддий қадамлар ташланди.
"Инсон қадри учун” тамойилини амалга оширишда бугун ҳар бир давлат фуқаролик хизматида малакали, билимли ва салоҳиятли кадрларга эҳтиёж ҳам тобора ортиб боряпти. Давлат хизматчиси бўлиш имтиёз эмас, балки масъулият эканлигини барча соҳадаги раҳбарлар ҳис қилмоқда.
Куни кеча Президентимиз раислигида бўлиб ўтган давлат хизматини ислоҳ қилиш ва бошқарувда натижадорликни ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида бу борада аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ҳар бир соҳадаги очиқлик, шаффофлик аҳолининг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Узоққа бормайлик, яқин-яқинда ҳам ишга қабул қилишда таниш-билишчилик, ортиқча қоғозбозлик бор эди. Бугун эса босқичма-босқич бунга бутунлай барҳам бериляпти. Номзоднинг билими, тажрибаси ва салоҳияти очиқ танлов орқали аниқланмоқда.
Бугунги кунда вилоятда давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимлари ягона очиқ портали орқали 4 минг 507 та вакант лавозимларга муносиб номзодлар очиқлик асосида танлаб олинди.
Яна бир муҳим масала. Давлатимиз раҳбари томонидан видеоселектор йиғилишида жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб эскича объективкадан воз кечилиб илғор IT технологиялари асосида ходимнинг малакаси ва салоҳияти, эришган натижаларини баҳолайдиган тизимга ўтиш шартлиги айтиб ўтилди. Бу ташаббус орқали энди ходимни қайси олийгоҳда ўқигани ёки қаерда ишлагани эмас, қандай билим тажрибага эга эканлиги ва иш фаолиятида кўрсатган натижалари асосий мезон бўлиши кераклиги таъкидланди.
Янги ишлаб чиқилган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ҳам халқимизга давлат хизмати кўрсатишни сифат, шаффофлик ва очиқлик жиҳатидан янги поғонага олиб чиқади. Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар ихчам ва самарали бошқарув тизимини яратишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Саидфаррух Исломов,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Фарғона вилояти филиали раҳбари.