Кадастр ходимлари 48-сон манзил-колониясида бўлди
Маълумки, ҳар бир соҳадаги ислоҳотлар самарадорлигига жиддий тўсиқ бўладиган энг хавфли иллатлардан бири бу — коррупция.
Шунга кўра, кадастр соҳасида ходимлар орасида коррупциянинг олдини олиш, хизмат вазифаларини ҳалол ва масъулият билан бажариш, фуқароларга очиқ ва сифатли хизмат кўрсатиш жараёнида тамагирлик, порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш каби ҳолатларга йўл қўймасликка эришиш мақсадида Кадастр агентлиги тизимида мутасаддилар томонидан мунтазам тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси тизим ходимларининг Тошкент вилоятидаги 48-сон манзил-колониясига профилактик ташрифи ташкил этилди.
Ташриф давомида ходимлар муассасадаги мавжуд шароитлар, сақлаш хоналари ва инфратузилма билан танишди. Ходимлар қонунни четлаб ўтиб, нотўғри қарор қабул қилгани сабабли жазо ўтаётган маҳкумлар билан суҳбатлашди ва уларнинг қилмишидан надоматларини тинглади.

Маҳкумларнинг ҳаётий тажрибаси ва содир этилган жиноятлар оқибатлари коррупциянинг нархи фақат жиноий жазо билан ўлчанмаслигини яна бир бор намоён этди. Зеро, бундай қилмиш инсоннинг эркинлиги, оиласи, яқинлари билан муносабатлари, жамиятдаги обрўси ва фарзандлари келажагига ҳам жиддий путур етказади.
Қайд этилганидек, бугун панжара ортида ўтган ҳаётини сарҳисоб қилаётган инсонларнинг пушаймони эртага бошқалар учун аччиқ сабоқ бўлиши керак. Зеро, “Сўнгги пушаймон — ўзингга душман” дея бежиз айтилмаган. Қилмиш содир этилгандан кейинги надомат йўқотилган эркинликни, синган ишончни ва оила бағридан олисда ўтган вақтни қайтариб бермайди.

–Коррупцияга қарши курашишда фақат қонун талабларини билиш эмас, балки унинг бузилиши қандай оқибатларга олиб келишини чуқур англаш ҳам муҳим, – деди Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси Жамоатчилик билан алоқалар бўйича бош мутахассис Маҳмуджон Азимов. – Хусусан, кадастр ходимлари иштирокида манзил-колонияси ҳамда жазони ижро этиш колонияларида ўтказилаётган профилактик ташрифларда қонунбузарлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва коррупциявий қилмишларнинг аянчли оқибатлари ҳақида тушунчалар берилмоқда. Шунингдек, ноқонуний хатти-ҳаракатлар нафақат инсоннинг шахсий ҳаётига, балки унинг оиласи, жамиятдаги обрўси ва келажагига ҳам салбий таъсир кўрсатиши ҳаётий мисоллар орқали тушунтирилмоқда.
Коррупциянинг олдини олиш — унинг оқибатларига қарши курашишдан самаралироқ. Шу мақсадда тизим ходимлари ўртасида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, ходимлар ўртасида ҳалоллик ва қонунийлик тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган профилактик тадбирлар изчил давом эттирилади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА