Сурхондарё вилоятининг кадастр соҳасида архив ҳужжатлари рақамлаштирилиб, уларнинг ҳисобини тўғри юритишга эътибор кучайтирилмоқда.
Бу ҳақда ЎзАга хабар берган Давлат кадастрлари палатаси Сурхондарё вилояти бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Беҳрузбек Сафаровнинг таъкидлашича, Давлат кадастрлари палатаси раиси жорий йилни “Архив ҳужжатларини рақамлаштириш ва уларнинг ҳисобини тўғри юритишни йўлга қўйиш йили” дея эътироф этиб, вилоятларда ишчи гуруҳ ташкил этиш ҳамда кадастр йиғма жилдларининг мавжудлик ҳолатини ўрганиш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган.
Вилоятнинг идоравий архивида 590 минг 935 та кадастр йиғма жилд ҳужжати мавжуд бўлиб, уларнинг 506 минг 233 таси турар жой объектлари, 38 минг 751 таси нотурар жой иншоотларини ташкил этади. Режа-график ижросини таъминлаш мақсадида филиаллар жойлашуви, ҳужжатлар сони, иш ҳажми ва ички имкониятларни инобатга олиб, филиаллардаги маъмурий бошқарув ҳамда ишлаб чиқариш ходимларини жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳлар ташкил этилди.
Идоравий архив хоналардаги ҳар бир кадастр йиғма жилдлари рақамланиб, муҳрлаш ва сканер қилинган ҳужжатларни “Next Cloud” электрон тизимига киритиб, электрон кўринишида сақлаш йўлга қўйилди.
– Ҳозиргача воҳада 43 минг 228 га яқин ҳужжат тўлиқ ўрганиб чиқилди, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Сурхондарё вилояти бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Б. Сафаров. – Уларнинг 39 минг 764 таси турар ва 3 минг 530 таси нотурар жойлардир. Масалан Термиз тумани архивида сақланаётган кўчмас мулкка тегишли 26 минг 951 та ҳужжатнинг 23 минг 935 таси турар ва 2 минг 767 таси нотурар жойга, 249 таси хонадонлар архивларига оид бўлиб, бугунгача 23 минг 926 та турар жой кадастр йиғмажилдлари рақамлаштирилди.
Вилоятда "Намунали архив" дастури доирасида архив ҳужжатларини рақамлаштириш давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири