"Кабар": Қирғизистон илк миллий сунъий йўлдошини орбитага чиқарди
Қирғиз Республикаси ўзининг илк миллий сунъий йўлдошини орбитага олиб чиқиш орқали космик тадқиқотлар соҳасига навбатдаги қадамини қўйди. Бу ҳақда ахборот ҳамкоримиз - “Кабар” АА хабар бермоқда.
Таъкидланишича, мамлакат президенти Садир Жапаров АҚШдаги амалий ташрифи доирасида 1 октябрь куни ушбу тарихий учириш маросимида шахсан иштирок этган.
Фазовий аппарат Калифорния штатидаги Ванденберг ҳарбий-ҳаво базасидан “SpaceX” компаниясининг “Falcon 9” ракета-ташувчиси ёрдамида, бошқа космик аппаратлар гуруҳи таркибида фазога учирилди. Қирғизистон ва БАА ҳамкорлиги маҳсули бўлган ушбу сунъий йўлдош Бишкек шаҳрида жойлашган Бошқарув маркази орқали назорат қилинади.

Ушбу лойиҳа Қирғизистон учун турли соҳаларда космик маълумотлардан фойдаланиш бўйича янги имкониятларни очади. Олинадиган тасвирлар ва рақамли маълумотлар ёрдамида қишлоқ хўжалиги ерлари, музликлар, сув ҳавзалари, ўрмонлар ҳамда яйловлар аҳволи, шунингдек, атроф-муҳитдаги ўзгаришлар аниқ кузатиб борилади. Бундан ташқари, сунъий йўлдош маълумотлари ноқонуний кон қазиш ишлари, норасмий чиқиндихоналарни аниқлаш ва транспорт-логистика йўналишларини мақбуллаштиришда қўлланилади.
Янги технологиянинг яна бир муҳим йўналиши табиий офатлар хавфини барвақт аниқлашдан иборат. Фазовий мониторинг ёрдамида қурғоқчилик, сув тошқини, кўчки, сел ва ўрмон ёнғинлари аломатлари вақтида аниқланади, бу эса хавфга тезкор муносабат билдириш ҳамда юзага келиши мумкин бўлган зарарни камайтиришга хизмат қилади.
Келажакда ушбу маълумотлар давлат рақамли тизимларига интеграция қилиниб, ҳудудий хариталар ҳамда таҳлилий моделларни яратишда ишлатилади. Бу эса давлат қарорларини қабул қилиш, инвестицияларни режалаштириш ва миллий ресурсларни янада самарали бошқариш учун мустаҳкам замин яратади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА