Фарғонада Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилди. Унда Автомобиль йўллари қўмитаси мутасадди вакиллари, вилоят бош бошқармаси тасарруфидаги давлат муассасалари раҳбарлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Дастлаб пресс-тур иштирокчилари вилоятнинг Олтиариқ тумани ҳудудидан ўтувчи 2023 йилда Инвестиция дастурига киритилган 4р-148 “4р 115 автойўли – Янгиқадам – Учуй – Олтиариқ – Чимён – Водил қишлоғи” автомобиль йўлининг 41-46 километр қисмини қайта қуриш ишлари билан яқиндан танишди.
Таъкидланганидек, вилоятда жами 19941,5 километр автомобиль йўллари мавжуд бўлиб, шундан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари 4022 километрни, ички хўжалик йўллари, шаҳарлар ва қишлоқ аҳоли пунктлари кўчалари 15919,5 километрни ташкил этади. Ушбу йўлларнинг 290,4 километр қисми цементбетон қопламали, 10639,6 километр қисми асфальтбетон қопламали, 7475,4 километр қисми эса шағалли йўллар ҳамда 1007,5 қисми тупроқ йўлларни ташкил этади.
[gallery-13895]
Пресс-тур давомида вилоятда турли тоифадаги йўлларнинг сифати йилдан-йилга яхшиланиб борилаётгани хусусида сўз юритилди. Хусусан, жорий йилнинг ўзида 2104,3 километр масофадаги автомобиль йўлларида 969,3 миллиард сўмлик реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Ҳозирги кунга қадар, 894,6 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш, монтаж ишлари бажарилди.
ЎзА фотомухбири
Муқимжон Қодиров олган суратлар