Журналистлар уюшмаси қошидаги Кенгашлар фаолияти таҳлил этилди
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси қошидаги Кенгашлар қандай фаолият юритмоқда? Уларнинг келгусидаги вазифалари нималардан иборат?
ОАВ учун контент тайёрлаш марказида ушбу Кенгашлар раислари иштирокида ўтган дастлабки йиғилишда айни шу масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Мазкур йиғилишдан кўзланган асосий мақсад Кенгашлар ишини замон талаблари даражасида йўлга қўйиш, уларнинг ташаббус ва имкониятларини атрофлича таҳлил этган ҳолда амалиётга кенг жорий қилишдан иборат эди.
Йиғилишда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг ижодий лойиҳалари, турли танловлар, анжуманлар, давра суҳбатлари ва тадбирларга муносиб номзодларни тавсия этиш, ҳар бир йўналиш бўйича Кенгашларнинг ташаббусларини илгари суриш масалалари юзасидан атрофлича фикр юритилди.

Медиа тузилмаларнинг муайян йўналишлари бўйича ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари ва маҳорат дарсларини ўтказиш, илғор журналистлар фаолиятини кенг жамоатчиликка танитиш, уларга эътиборни кучайтириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Йиғилишда оммавий ахборот воситалари соҳасида фаол ва изланувчан ёш қаламкашларни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзолигига қабул қилиш бўйича ишларни кучайтириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш ва Кенгашлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ҳам атрофлича муҳокама этилди.
Самимий руҳда ўтган учрашувда келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Н.Усмонова,
ЎзА