Журналистлар Сергелидаги ўзгаришлар билан танишди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун Сергели туманида амалга оширилаётган рақамлаштириш ва инфратузилма лойиҳалари бўйича пресс-тур ташкил этилди.
Унда иштирокчиларга амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, рақамли бошқарув тизимлари, замонавий инфратузилма ва аҳоли учун яратилган қулайликлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Хусусан, тадбир давомида реконструкция қилинган Сергели автомобиль бозори таништирилди.
Маълум қилинишича, Президентнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратишга қаратилган 2026 йил 5 январдаги қарори ижроси доирасида қарийб 24 гектар майдонни эгаллаган “Истеъмолда бўлган транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлар Сергели бозори” тўлиқ модернизация қилинган.

Реконструкциягача бозорда 1 927 та савдо нуқтаси фаолият юритган ва кунига 7 мингдан ортиқ харидор ташриф буюрган. Бироқ тартибсиз автотураргоҳ ва ягона бошқарув тизимининг йўқлиги сабаб автомобиллар учун атиги 4 мингга яқин жой мавжуд эди.
Янгиланишлар натижасида 1 272 та савдо дўкони, 343 та контейнер ва 7 та ангар замонавий кўринишга келтирилди, 762 та савдо растаси ташкил этилди. Натижада савдо нуқталари сони 2 689 тага етди.
Бозор ҳудудида 58 минг квадрат метр майдонга асфальт ётқизилди, автотураргоҳ сиғими эса 32 фоизга ошиб, 5 326 та автомобилни қабул қилиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, 700 метрлик қўшимча йўл қурилиши орқали “Янги Сергели” кўчасидаги тирбандлик муаммоси бартараф этилди.

Бозор тўлиқ рақамлаштирилиб, замонавий вазиятлар маркази ишга туширилди. Бунинг учун 70 километрдан ортиқ оптик ва тармоқ кабеллари тортилиб, 1000 га яқин ақлли видеокамера, 40 дан ортиқ ахборот-коммуникация қурилмаси ва иккита сервер ягона тизимга уланди.
Бундан ташқари, мингдан ортиқ савдо нуқтасига ёнғин ҳақида автоматик огоҳлантириш тизими ўрнатилди, 60 га яқин СОС ва хавотир тугмалари интеграция қилинди.
Янги ишлаб чиқилган “Автобозор” дастури орқали кирувчи ва чиқувчи транспорт воситалари, бўш ва банд автотураргоҳлар ҳамда нотўғри тўхтатилган автомобиллар реал вақт режимида назорат қилинмоқда. Бозорга кириш дарвозалари ақлли шлагбаумлар, камералар ва нақд ҳамда электрон тўловларни қабул қилувчи паркоматлар билан жиҳозланди.

Натижада автомобилларнинг бозорга кириш вақти аввалги 2-3 дақиқадан 20 сониягача қисқариб, дарвозаларнинг ўтказувчанлик қуввати олти баробар ошди. Қайд этилишича, хорижда 30-50 минг доллар турадиган паркомат қурилмалари маҳаллийлаштирилиб, 8-10 минг долларга ишлаб чиқарилмоқда.
Яширин иқтисодиётга қарши чоралар доирасида норасмий ишлаган 116 нафар фуқаро расмий бандлик билан таъминланди, улардан 35 нафари тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бозор даромади ўтган йилнинг мос давридаги 28 миллиард сўмдан 31,3 миллиард сўмга етди. Йил якунига қадар бу кўрсаткич 100 миллиард сўмга чиқиши прогноз қилинмоқда.
Шунингдек, тадбиркорларнинг савдо айланмаси 249,2 миллиард сўмдан 290,6 миллиард сўмга ошган. Йил охиригача бу кўрсаткич 726 миллиард сўмга етиши ва бюджетга қўшимча 43 миллиард сўм солиқ тушуми таъминланиши кутилмоқда.

Хавфсизликни кучайтириш мақсадида Вазиятлар маркази Ички ишлар вазирлигининг “Қалқон” тизимига уланди, бозор директорининг хавфсизлик бўйича ўринбосари лавозими жорий этилди. Шунингдек, бозорда ноқонуний фаолият юритган 100 дан ортиқ шахснинг маълумотлар базаси шакллантирилиб, улар билан профилактик ишлар олиб борилди.
Натижада июнь ойи давомида Сергели автобозори ҳудудида бирорта ҳам жиноят ёки ҳуқуқбузарлик қайд этилмаган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги мазкур лойиҳа тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва аҳолига замонавий хизмат кўрсатиш бўйича намунавий тажриба бўлаётганини таъкидлади.
Иштирокчиларга бозорда амалга оширилган кенг кўламли реконструкция ишлари, "Вазиятлар маркази", "Автобозор" рақамли платформаси, ақлли камералар, шлагбаумлар, паркинг-бох тизими ҳамда хавфсизликни таъминловчи замонавий ечимлар намойиш этилди.
Шунингдек, журналист ва блогерлар бозорни бошқаришда сунъий интеллект ва рақамли технологиялар қандай қўлланаётгани, хизмат сифатини ошириш ва тадбиркорлар учун яратилган қулайликлардаги аҳамияти билан танишди.

Пресс-турнинг кейинги манзили "Ўзгариш" ва "Ҳабибий" маҳаллалари бўлди.
Бу ерда ўзгаришлар фақат қурилган объектларда эмас, одамларнинг фикрида ҳам яққол сезилади.
Обод қилинган канал бўйи, унда бемалол сузиб юрган жониворлар ва улар учун яратилган митти маскан барчанинг эътиборини тортди.

"Ўзгариш" маҳалласида кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидаги собиқ омборхоналар маиший хизмат кўрсатиш объектларга айлантирилгани ҳам алоҳида қизиқиш ва юқори баҳога сазовор бўлди.
45 та кўп қаватли уй ва 6 700 нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган маҳаллада яратилган қулайликлар бугун одамлар ҳаётида ўз аксини топмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА