Журналистлар ҳарбийлар ҳаёти билан танишди (+видео)
Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус дала ўқув майдонида Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ўтказилди.
Тадбир муддатли ҳарбий хизматчиларнинг “Битта аскар – битта касб” тамойили асосида касб-ҳунар эгаллаш жараёнлари, уларнинг жанговар тайёргарлиги, хизмат фаолиятида эришаётган ютуқлари билан журналистларни яқиндан таништириш мақсадида ташкил этилди.
Қуролли Кучларимизда ёш авлодни нафақат Ватан ҳимоясига тайёрлаш, балки уларни ҳаётда мустаҳкам ўрин эгаллашига хизмат қиладиган касб-ҳунарлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Битта аскар – битта касб” тамойили айнан ана шу эзгу мақсаднинг амалий ифодаси бўлиб, ҳарбий хизмат давомида аскарларга замонавий мутахассисликларни пухта ўзлаштириш имконини яратмоқда. Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари Нукус дала ўқув майдонидаги ўқув нуқталарида бўлиб, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлик машғулотларини кузатди.
[gallery-30149]
Ҳарбий хизматчилар томонидан намойиш этилган амалий кўникмалар, қурол-аслаҳалар билан ишлаш маҳорати, тактик ҳаракатлар, жисмоний тайёргарлик ва мутахассисликлари бўйича эгаллаган билим кўникмалар ҳамда хизматга бўлган масъулият журналистларда катта таассурот қолдирди. Тадбир иштирокчилари ҳарбий хизматчилар учун яратилган яшаш ва хизмат шароитлари билан яқиндан танишди. Замонавий ётоқхоналар, маиший хизмат хоналари, ўқув масканлари, маънавият ва маърифат хоналари, спорт мажмуалари ҳамда мазмунли ҳордиқ учун яратилган имкониятлар ҳарбий қисмда инсон омилига қаратилаётган юксак эътиборнинг ёрқин намунаси сифатида эътироф этилди.
Ҳарбий хизмат – бу нафақат қурол тутиш, балки интизом, фидойилик, сабр-тоқат ва масъулият мактабидир. Нукус дала ўқув майдонида хизмат қилаётган ёш аскарларнинг Ватанга бўлган чексиз муҳаббати, ҳарбий бурчга садоқати ва юксак ватанпарварлик руҳида олиб бораётган фаолияти пресс-тур қатнашчиларида чуқур фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/pbNlQso7qD4" title="Jurnalistlar harbiylar hayoti bilan tanishdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат, видео), ЎзА