Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда ҳуқуқий мавзуга ихтисослашган ОАВ вакиллари ва блогерлар учун ташкил этган ўқув-машғуотлар якунига етди.
Судьялар олий кенгаши матбуот хизматига кўра, ўқув-машғулотларда бевосита ва масофадан туриб (онлайн) иштирок этиш имконияти яратилгани натижасида иштирокчилар сони кутилганидан кўп бўлди.
“Суд ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги конструктив мулоқот” мавзуда бўлиб ўтган ўқув-машғулотларда 45 нафар журналист ва блогер иштирок этди.
Ўқув-машғулотларда асосан оммавий ахборот воситаларида суд процессларини ёритишнинг ўзи хос жиҳатлари, бу жараёнда журналист ва блогерларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тартибга солинган қонун ҳужжатлари хусусида сўз юритилди. Шунингдек, иштирокчиларнинг хоҳишларидан келиб чиқиб, мавзуларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиб борилди.
Судьялар олий мактабида ўқув-машғулотлар иштирокчиларига сертификатлар топширилди.
Журналист ва блогерлар учун махсус тайёрланган амалий қўлланма ҳам иштирокчиларга ҳадя этилди. Қўлланмада суд жараёнларини ёритишни тартибга солувчи миллий ва халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ўрин олган.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА