Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қувасой шаҳрида яшовчи, 1987 й.т. шахснинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган 1 кг 454 гр. “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Аниқланишича, ушбу ажал оғуси тожикистонлик наркокуръерлар томонидан олиб келинган.
Бу йўналишда ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ҳам вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда бир нечта фаол тадбирлар ўтказишди.
Жумладан, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1976 ва 1996 йилларда туғилган икки фуқаро тожикистонлик наркокуръерлар томонидан Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудига контрабанда йўли билан ўтказилиб, хуфиёна жойга яшириб кетилган 863 гр. “опий” моддасини олиб, доимий яшаш манзилларига қайтиб кетаётган вақтларида “Чинор” ЙПХ масканида қўлга олинди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур шахслар муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноят содир этганликлари учун судланиб, жазо муддатини ўтаган бўлсаларда, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришмаган.
Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи, 1990 й.т., муқаддам судланган фуқаро 274 гр. “гашиш” моддасини Юнусобод туманида истиқомат қилувчи, 1992 й.т. шахсга 35 млн. сўмга сотмоқчи бўлган вақтида уларнинг иккаласи ҳам ушланди.
Бошқа бир ҳолатда эса “Қўқон-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган “Ласетти” русумли автомашина Бектемир туманидаги “Шарқ” ЙПХ масканида тўхтатилиб кўздан кечирилди. Натижада, унда йўловчи сифатида кетаётган, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1991 й.т. фуқарога тегишли 600 дона “Трамадол” гиёҳвандлик воситаси, 168 дона “Регапен” ва 79 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Маълум бўлишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари Қирғиз Республикасидан ноқонуний йўллар билан олиб келинган.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА