Жорий йилда пойтахтимиз бўйлаб 236 мингдан ортиқ кўчат экилди
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт экиш тадбирлари амалга оширилмоқда. Лойиҳа давомида ҳудудлар шароитига мос дарахтлар танланган ҳолда экилмоқда.
Пойтахтимизда ҳам “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳамда “Мен ҳам кўчат экаман” акцияси доирасида Сергели тумани Хонтепа маҳалласида янги “Яшил боғ” барпо этиш мақсадида кўчат экиш ишлари олиб борилди.

Акция давомида 1,42 гектар майдонга жами 420 туп — писарди олхўриси, лола дарахти, заранг, чинор, арча, мевали дарахтлар, япон софораси, каталпа, каштан ҳамда шумтол каби 4 йиллик кўчатлар экилди.

Мазкур ҳудудга жами 1300 тадан ортиқ кўчат экилиши режалаштирилган. Ҳудуд доимий назоратга олинган бўлиб, дренаж тизими ҳамда 1680 п/м суғориш тармоғи кўчатларнинг соғлом ва барқарор бўй чўзишига хизмат қилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, жорий йил “Яшил макон” мавсуми бошидан буён пойтахт бўйлаб 236 мингдан ортиқ кўчат экилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА