Ҳар бир соҳага йўналтирилган давлат бюджети маблағларининг самарали сарфланиши кутилган натижаларга эришишда муҳим омилдир. Давлат бюджети маблағлари доирасида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11 сентябрдаги тегишли қарорига асосан 2024 йилда 5 та шаҳар, 48 та шаҳарча ҳамда 116 та қишлоқ аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш белгиланган.
Мазкур ишларни амалга ошириш учун жорий йилда давлат бюджетидан 172,5 млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган бўлиб, ўтган биринчи чорак давомида аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш дастури доирасида 51,8 млрд. сўм ўзлаштирилган. Жумладан, 20 та техник-норматив ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқилиши режалаштирилган. 2024 йил 1 апрель ҳолатига кўра, миллий шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини халқаро норматив ва стандартларга уйғунлаштириш (мослаштириш) ишлари доирасида 29 та техник-норматив ҳужжат қайта кўриб чиқилган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамда Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган қўшма йиғилишида айтиб ўтилди. Унда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг “2024 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг бажарилиши ҳолати юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Вазирлик ахборотида келтирилганидек, Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш учун 2024 йилда 287,5 млрд. сўм маблағ ҳисобидан йилдан-йилга ўтувчи 11 та ва янгидан бошланувчи 4 та, жами 15 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Ҳисобот даврида ушбу дастур доирасида 46,7 млрд. сўм миқдорда маблағлар молиялаштирилган.
Муҳокамалар давомида депутатлар соҳадаги ишларни танқидий таҳлил қилган ҳолда бир қатор таклифлар билдирди. Давлат бюджетининг мақсадли сарфланишига алоҳида эътибор қаратиш, ажратилган маблағлардан ўз вақтида самарали фойдаланиш лозимлигини таъкидлади.
М.Комилова,
ЎзА