Оролбўйида тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда 2021 йил учун Бандлик дастурининг ижросини самарали ташкил этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қаҳраман Сариев маҳаллий кенгаш депутатлари ва тадбиркорларга мурожаат йўллади.
Жорий йилнинг 8 апрель куни Президентимиз бошчилигида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда 2021 йил учун Бандлик дастурининг ижросини самарали ташкил этиш бўйича ўтказилган селектор йиғилишида, ҳудудларда амалга оширилган ишлар, соҳадаги мавжуд муаммолар танқидий кўриб чиқилиб, олдимизда турган вазифалар белгилаб берилди ҳамда уни бажариш механизмлари айтиб ўтилди.
Бугунги кунда ҳудудларда “маҳаллабай” ишлаш тизимини жорий этиш аҳолини даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашда амалга ошириладиган механизмларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўтган йили пандемия шароитида қабул қилинган фармон ва қарорлар асосида тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёз ва преференциялар натижасида жами 275,2 миллиард сўм солиқ тўловчиларнинг ихтиёрида қолдирилди. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ҳолатини яхшилаш мақсадида 5 599 та тадбиркорлик субъектига 746 миллиард сўмлик кредит таътиллари (пролонгация)берилди.
Давлатимиз раҳбарининг вилоятларга ташрифи давомида белгилаб берилган вазифалар асосида ҳар бир маҳаллада амалга оширилиши зарур бўлган устувор йўналишларни назарда тутувчи янгича ишлаш тизими жорий қилинмоқда. Жумладан оилаларнинг даромад манбалари, даромадли меҳнатга бўлган эҳтиёжларини “хонадонбай” ҳамда тадбиркорларнинг муаммоларини “мижозбай” ўрганиш ва муаммоларни тезкор ҳал этиш бўйича тижорат банклардан жами 418 нафар ходим ҳар бир маҳаллага доимий вакил этиб бириктирилди. Маҳаллаларда тадбиркорлик, инвестициявий ва рақобат муҳитини яхшилаш ҳамда драйвер лойиҳаларни амалга ошириш бўйича секторлар ҳузурида Бошқарув офислари ташкил этилиб, иқтисодиёт комплексдан жами 344 нафар соҳа раҳбари бириктирилди. Бугунги кунда янги тизим асосида сектор раҳбарлари томонидан ҳар ҳафтанинг шанба куни “маҳаллабай” ишлаш бўйича аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг муаммоларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Юқоридагилар билан бир қаторда, маҳаллаларнинг ихтисослашувига қараб, уларнинг драйвер соҳалари белгилаб олинди.
Жорий йилнинг I чорагида жами 1 271 та кичик бизнес субъекти янгидан ташкил этилиб, бугунги кунда уларнинг умумий сони 20 мингга етди. Бундан ташқари, январ-март ойларида 1958 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди. Шунингдек, январ-март ойларида 1 346 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти қайта тикланди. Қорақалпоғистон Республикасида 1 645 та ҳунармандлик субъекти фаолият юритмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида умумий қиймати 12,3 триллион сўмлик 1359 та лойиҳани амалга ошириш ва 17,6 минг янги иш ўрнини яратиш белгилаб олинди. Шундан, бугунги кунга қадар умумий қиймати 4 триллион 822 миллиард сўмлик 852 та лойиҳа ишга туширилди ва натижада 5403 янги иш ўрни яратилди. Жорий йилда 593 та ҳудудий инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида жами 71,6 миллиард сўмлик бюджет тушуми кутилмоқда.
Бундан ташқари, маҳаллаларда ишларни “хонадонбай”, “мижозбай” ташкил қилиш бўйича доимий вакиллар томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурида белгиланган лойиҳаларга қўшимча қиймати 80,8 миллиард сўмлик 19 та лойиҳа аниқланиб, бугунги кунда ишлар давом эттирилмоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида жорий йилда 975 та тадбиркорлик субъектига жами 355,8 миллиард сўмлик кредит ажратилган. Шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари асосида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида жорий йилда жами 89 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратилган.
“Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида жами 2 736 нафар ёш касб-ҳунарга ва тадбиркорлик курсларида ўқитилди. Ушбу курсларни тамомлаган 224 нафар ёшга ўз тадбиркорлигини бошлаши учун жами 7,6 миллиард сўмлик имтиёзли кредит ажратилган. Бугунги кунга қадар “1+1” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига 2 077 нафар ишсиз ёш бириктирилди.
Ҳукуматимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар асосида ташкил қилинган “Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникалари”да “Колл-марказ” фаолияти йўлга қўйилиб, бугунги кунда тегишли вазирлик, идоралар томонидан тадбиркорларга амалий ёрдамлар берилмоқда. Ушбу “Клиника” томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг 349 та мурожаати кўриб чиқилган. Шундан 17 та мурожаат ижобий ҳал этилди,332 та мурожаатга қонуний тушунтиришлар берилди.
[gallery-2083]
Шунингдек, тадбиркорлик масаласи бўйича Бош вазирнинг ҳудудимиздаги қабулхонасига жами 672 масала юзасидан 645 та мурожаат келиб тушган ва 634 масала кўриб чиқилган. Шундан 288 та масала ижобий ҳал этилди, 344 та масалага қонуний тушунтириш берилди.
2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва давлат дастури доирасида аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигига кўмаклашиш бўйича режалар белгилаб олинди. Хусусан, жорий йилда шаҳар ва туманларда жами 22 минг 41 та янги иш ўрнини ташкил этиш белгиланди. Бундан ташқари, жорий йилда жами 42 минг 97 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатилиши белгилаб олинмоқда.
Жорий йилда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз фуқароларни деҳқончилик билан шуғулланиш учун 25 минг гектар ер майдонини ажратиш ҳисобига 30 минг нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш белгиланган. Жорий йилда Бандлик дастурининг ижросини самарали ташкил этиш мақсадида аниқ манзилли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди ва соҳа раҳбарларига тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Хусусан, аҳолининг бандлигини таъминлаш бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичларининг соҳалар ва туманлар кесимида ойма-ой бажарилишини таъминлаш бўйича режалар белгилаб олинди. Жорий йилнинг I чорагида 2 482 та лойиҳа ҳисобига 3 710 та янги иш ўрни ташкил этилди. Бундан ташқари, бугунги кунга қадар жами 12 минг 959 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар олиб борилди.
Жорий йилда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида уларнинг сонини 3 каррага кўпайтириш, бундан ташқари, жорий йилнинг 2 чораги ва йил якунига қадар ҳар бир иқтисодий кўрсаткични 30 фоизга ошириб бажариш режа қилинган. Шу жумладан, маҳаллий бюджетга тушумни белгиланган режадан 30 фоизга ортиқ бажариш бўйича ҳисоб-китоблар ишлаб чиқилди. Шунингдек, янги иш ўринлар сонини режадан ортиғи билан бажариш мақсад қилиб олинди.
Учрашув сўнгида тадбиркорлар томонидан фикр-мулоҳазалар билдирилди ва уларнинг ижроси назоратга олинди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА