Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 5 майда “Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланди.
Фармонига кўра, 2025/2026-ўқув йилидан бошлаб таълимнинг сиртқи шаклига қабул тугатилди. Яъни жорий йилда сиртқига ҳеч ким олинмайди. Қабул жараёнларида сиртқига квота берилмайди.
Мазкур талаб давлат олийгоҳлари учун ҳам, нодавлат олийгоҳлар учун ҳам бирдек амал қилади.
Бунда сиртқи таълимга қабул барча йўналишларда тугатилади. Ҳозир ўқиётган юқори босқич талабалари ўқишини сиртқида давом эттираверади. Сиртқига бошқа янги талаба олинмайди, лекин сиртқиларнинг ўзи ёпилгани йўқ.
Сиртқининг ўрнига кундузги таълимдан бошқа муқобил таълим шакллари бўйича қабул квоталари босқичма-босқич ошириб борилади. Бу кўпроқ масофавий таълим шакли бўлиши мумкин. Шунингдек, мақбуллаштирилган кундузги таълим шакли (part-time education) бўйича ўқитишга рухсат берилади.
Олийгоҳларда муқобил таълим шакллари бўйича умумий қабул квотасини кундузги таълим шакли қабул натижасининг 50 фоизидан оширишга йўл қўйилмайди.
Магистратура босқичида муқобил таълим шаклида ўқитишга рухсат берилади. Бунгача фақат кундузгига рухсат эди. Эндиликда, масалан, магистратурада масофавий ҳам ўқитса бўлади.
ЎзА