Бугун АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзбеккўмир" АЖ ахборот хизмати раҳбари Неъмат Душаев аҳолини ва ижтимоий соҳа объектларини кўмир билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Унда таъкидланишича, республикамизда энергия ресурсларига талаб йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ушбу талабни қондиришда электр энергияси ва табиий газдан ташқари, кўмирдан фойдаланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон кўмир заҳираларига бой бўлиб, асосий ёқилғи манбалари Сурхондарё вилоятидаги Шарғун, Бойсун ҳамда Тошкент вилоятидаги Ангрен кўмир ҳавзаларидир.
– “Ўзбеккўмир” АЖ жорий йилнинг ўн бир ойида 6,3 миллион тонна кўмир қазиб олиб, йиллик режани муддатидан аввал бажарди. Шу даврда қазиб олиш режаси “Ангрен кўмир кон”да 111,3 фоизга, шахта усулида кўмир қазиб олишда 112,1 фоизга, “Апартак кон”да эса 114,2 фоизга уддаланди. Январь-ноябрь ойлари давомида истеъмолчиларга 5,3 миллион тонна кўмир етказиб берилди. Шу жумладан, 3,4 миллион тоннаси иссиқлик электр станцияларига, 624,8 минг тоннаси бюджет ташкилотларига, 1,06 миллион тоннаси эса аҳоли эҳтиёжлари учун юборилди. Биржа савдолари орқали 185,6 минг тонна кўмир сотилди, – деди Н.Душаев.
Тадбирда аҳоли ва бюджет ташкилотларига мўлжалланган кўмир “Кўмир таъминот” МЧЖнинг 90 та ҳудудий омбори ва 13 та шохобчаси орқали тарқатилаётгани таъкидланди. Унга кўра, 1 декабрга қадар бюджет ташкилотларига 376,9 минг тонна, тадбиркорлик субъектларига 231,1 минг тонна, аҳолига эса 906,2 минг тонна кўмир етказилган. Шу жумладан, олис қишлоқларга 75,2 минг тонна маҳаллий кўмир юборилган.
Эътиборлиси, жорий мавсумдан аҳолига кўмир етказиб бериш электрон платформа орқали амалга оширилмоқда. Маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган онлайн рўйхат асосида ҳудудлардаги МФЙлар орқали тақсимот йўлга қўйилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА