2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури 9 ойлик якуни ижросига кўра, ЯИМ ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5,8 фоизни ташкил қилди.
Давлат бюджети даромадлари 98,8 триллион сўмга ижро этилди. Давлат бюджети жами харажатлари 201,3 триллион сўмни, шундан ижтимоий соҳаларга йўналтирилган харажатлар 98,5 триллион сўмни ташкил қилди. Ушбу сарфланган харажатлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,3 фоизга ошди.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида Давлат дастурининг 9 ойлик ижросини муҳокама қилиш давомида айтиб ўтилди.
Фракция аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда қатор йўналишлардаги бюджет маблағлари ижросига эътибор қаратди. Йиғилишда қайд этилганидек, ёшлар муаммолари ва мурожаатлари билан ишлашнинг янгича механизми жорий этилиб, ёшларга “yoshlardaftari.uz” электрон платформаси, “1093” қисқа рақамли колл-маркази ёки маҳалла етакчиси орқали онлайн ариза қолдириш ва мурожаат ҳолати тўғрисида маълумот олиш имконияти яратилган. Ҳисобот даврида Ёшлар етакчилари фаолияти йўлга қўйилиши натижасида ёшлар мурожаатларини кўриб чиқиш муддати 30 кундан 5 кунга, ёрдам кўрсатиш 40 кундан 16 кунга қисқартирилишига эришилган. Етакчилар тавсияси асосида кўрсатиладиган ёрдам турлари 11 тадан 25 тага етказилган.
Муҳокамаларда сўз олган депутатлар бюджетдан ажратилган ҳар бир сўм маблағдан тежаб-тергаб, мақсадли фойдаланиш ҳамда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш ва бу борада назоратни янада кучайтириш лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, фракция аъзолари 2024 йилги Бюджетномани ҳам муҳокама қилиб, қатор таклиф ва тавсияларни ўртага ташлади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА