Шу кунларда Республика ишчи гуруҳи мутасадди вазирлик ва идоралар, Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Бўка туманидаги “Жўраобод” маҳалласи инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий соҳа объектлари фаолиятини самарали ташкил этиш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.
Бунда дастлаб қишлоқ ҳудуди тўлиқ хатловдан ўтказилди ва зарур вазифалар белгилан олинди. Хусусан, маҳалладаги 223 та хонадонда 274 та оила яшайди. Ҳудудда меҳнатга лаёқатли фуқаролар 384 нафарни, шундан ишсизлар 54, камбағал оилалар 43, боқувчиси йўқ оилалар 3, “Ёшлар дафтари”да турганлар 3, ногиронлиги бор фуқаролар 11, ишлаш мақсадида миграцияда бўлган фуқаролар 8 нафарни ташкил этади.
Ўрганишлар давомида яроқсиз ҳолатга келиб қолган электр симёғочлар янги темир бетон устунларга алмаштирилди, мавжуд трансформатор таъмирланди. Шу билан бирга, асосий автомобиль йўлининг 4 километр қисми жорий таъмирлаш учун тайёрланди ва ушбу йўл ёқасидаги нотекис жойлари текисланди. Ички кўчалар шағаллаштирилмоқда. Ичимлик суви тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича ҳам ишлар бошланган. Бунинг учун мавжуд сув иншооти жорий таъмирланди. Шунингдек, 40 та хонадонга сув ҳисоблагич ускуналари ўрнатилди.
Маҳалладаги айрим кўчаларга махсус чиқинди контейнерлари ўрнатилди. 223 та хонадонга суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилди. Жойларда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини татбиқ этиш мақсадида чинор, павлония ва қайрағоч каби турли манзарали кўчатлар экилди.
– Маҳалла биноси ёнида автобекат ҳамда аҳолига хизмат кўрсатиш марказини ташкил этиш бўйича вилоят тижорат банклари томонидан 3 та лойиҳалар ишлаб чиқилди, – дейди маҳалла раиси Соли Жалилов. – Ҳудуддаги 30-сонли умумтаълим мактабининг иситиш тизимини яхшилаш, бинони таъмирлаш чоралари кўрилди. Мактаб кутубхонаси қайта ташкил қилинди.
Фуқаро С.Холиқованинг хонадонида 3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълимга қамровини ошириш учун 50 ўринли оилавий мактабгача таълим ташкилотини очиш таклифи қўллаб-қувватланган бўлиб, бу борада амалий ишлар бошланган. Қишлоқдаги тиббиёт пункти жорий таъмирланди ва унда зарур дори-дармонлар билан тўлиқ таъминланди. “Обод хонадон” мезонларини жорий этиш йўналишида ҳудуддаги хонадонлар ҳовлилари чиқиндилардан тозаланиб, томорқалар тўқсонбости экинлари экиш учун тайёрланди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур саъй-ҳаракатлар аҳоли турмуш-фаровонлигини яхшилашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Шуни эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг “Маданият карвони” лойиҳаси томонидан гала-концерт дастури намойиш қилинди.
Тадбирда элимиз суйган санъаткорлар ва эстрадамизнинг ёрқин юлдузлари ўзларининг куй-қўшиқлари билан барчага кўтаринки кайфият бахш этди. Умуман олганда, жойларда ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
А.Мусаев,ЎзА