Жўқорғи Кенгеснинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди
Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг ўттиз учинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, сектор ва тегишли соҳа раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов бошқариб борди.
Сессия кун тартибида дастлаб “Қорақалпоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги фармони билан тасдиқланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий дастури ижроси юзасидан Вазирлар Кенгаши Раисининг ҳисобати тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2022 йил 9 февраль кунги қарори билан “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид 5 та йўналиш, 40 та мақсад ва 107 та банддан иборат ҳудудий дастур тасдиқланди.
Дастурнинг ҳар бўлимига Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосарлари, ҳар бир банди ижросига эса вазирлик ва бошқарма бошлиқлари масъул қилиб бириктирилди.
Ҳукуматимиз томонидан иқтисодиёт тармоқларини ва тадбиркорларни кенг кўламли қўллаб-қувватлаши натижасида ҳудудда иқтисодий барқарорлик, ишлаб чиқариш ва иш ўринларини сақлаб қолишга эришилди.
[gallery-8303]
Хусусан, 1-ярим йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот 103,5, жумладан, саноат 100,5, қишлоқ хўжалиги 103,3, қурилиш 105,6, хизмат кўрсатиш 116,2 фоизга ўсиши таъминланди.
Ҳудудий дастур ижросини таъминлаш орқали жорий йил якунигача юқори иқтисодий ўсиш суръатига эришиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Жумладан, йил якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот 106,1, жумладан саноат 105,4, қишлоқ хўжалиги 103,1, инвестициялар ҳажми 102,4, қурилиш 108, хизмат кўрсатиш 151 фоизга ўсишини таъминлаш чоралари кўрилади.
Ушбу кўрсаткичларга эришиш мақсадида 2022 йил якунига қадар умумий қиймати 2 триллион 985 миллиард сўм бўлган 807 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш ва 14 минг 104 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган бўлса, бугунги кунда қиймати 589,5 миллиард сўмлик 371 та лойиҳа ишга туширилди ва 3 минг 700 та янги иш ўрни яратилди.
Шунингдек, сессияда Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан 2022 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар бўйича бошқарма бошлиғининг ҳисоботи, Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ҳисоботи, жорий йил биринчи ярмида жойлардаги норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирининг ахбороти ҳақидаги, “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисида”ги масалалар кўриб чиқилиб, бу бўйича депутатлар тегишли қарорлар қабул қилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА