Жўқорғи Кенгес раиси ёшлар билан учрашди
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Бўзатов туманидаги ёшлар билан учрашув ўтказди.
Таъкидланганидек, юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Жумладан, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ва бугунги кунда мунтазам амалга оширилаётган “Ҳар пайшанба - Ёшлар куни” ташаббуси юртимизда ёшлар билан ишлашнинг мутлақо янги, самарали ва манзилли тизимини шакллантирмоқда. Ушбу ташаббус ёшларнинг нафақат муаммоларини тинглаш, балки уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқариш, салоҳиятини тўла намоён этиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.

Учрашувда ёшларга яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, турли йўналишларда юқори натижаларга эришаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар, амалда учраётган муаммолар, таклиф ва ташаббусларини билдиришди. Хусусан, иш билан таъминлаш, тадбиркорликни йўлга қўйиш, имтиёзли кредитлардан фойдаланиш, касб-ҳунар ўрганиш ва таълим соҳасига оид масалалар кўтарилди.

Ёшлар томонидан билдирилган ҳар бир масала Жўқорғи Кенгес раисининг шахсий назоратига олиниб, соҳа мутасаддиларига уларни қисқа муддатларда ижобий ҳал этиш бўйича аниқ топшириқ берилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири