Ўқув маркази фаолиятини йўлга қўйишда асосий эътибор Президентимизнинг Самарқанд вилоятига ташрифи давомида томорқачиликда энг сўнгги технологияларни қўллаш, экинлар экишда илм фан ютуқларини кенг жорий қилиш орқали соҳани янада ривожлантириш юзасидан берган топшириқлари муҳим аҳамият касб этмоқда.
– Жомбой туманидаги “Жомбой кўчатлик томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти қошида “Томорқачиликни ривожлантириш ўқув маркази” иш бошлади, –дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг самарқанддаги вакили Шомирза Сафаров.
– Унинг негизидаги томорқачилик кластерининг ўқув амалиёт майдонида тажрибали деҳқонлар, агроном, олимлар сабзавот экинларини экиш ва етиштириш бўйича зарур тавсиялар бермоқда.
Қайд этиш керакки, янги ташкил бўлган ўқув маркази қошида 12 гектар майдонда очиқ ва ёпиқ усулда деҳқончилик қилиш бўйича тажрибалар қўлланилади.
Маълумки, бугунги кунда ҳар бир туманда қишлоқ хўжалиги экинлари айрим турларини етиштиришда алоҳида тажриба тўпланган бўлиб, уни бошқа худудларда ҳам фойдаланиш зарур.
Томорқачиликда янги тажрибалар ва инновацияларни кенг жорий қилиш мақсадида ташкил қилинган ўқув маркази барча зарур технологиялар билан жиҳозланган. Марказда ҳар ойда бир маротаба ҳудудлар кесимида томорқачиларга илмий -амалий тажрибалар ўргатилиб борилади ва зарур қўлланмалар тарқатилади.
ЎзА