Жиззахнинг 57 та маҳалласида газ тармоқлари янгиланмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилоятида куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида аҳолини барқарор табиий газ билан таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Соҳа мутахассислари томонидан вилоятнинг 57 та маҳалласида газ таъминотини яхшилаш бўйича лойиҳалар ижросига киришилган. Натижада 53 мингдан зиёд аҳолининг газ таъминоти сифати яхшиланиши кутилмоқда. Бу мақсадлар учун 35 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиб, қарийб 140 километр янги газ тармоқлари қурилмоқда.
[gallery-30061]
Лойиҳалар, асосан, газ босими паст бўлган ва тизим етарлича қамраб олмаган ҳудудларда амалга оширилмоқда. Жумладан, Зомин туманидаги “Олтиариқ тажрибаси” ва Технопарк ҳудуди, Шароф Рашидов туманининг Сарайлик, Тошкентлик ва Равот маҳаллалари, Зафаробод туманидаги Писталикент қишлоғида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Шу билан бирга, қиш мавсумида тармоқларда босим пасайиши ва техник носозликларнинг олдини олиш мақсадида 100 километрдан зиёд газ қувурлари реконструкция қилинмоқда. Энг катта ҳажмдаги ишлар Зомин ва Ғаллаорол туманлари ҳамда Жиззах шаҳрида бажарилмоқда. Бундан ташқари, 21 мингдан ортиқ хонадонни икки босқичли замонавий газ таъминоти тизимига ўтказиш ишлари бошланган.
Табиий газ тармоғи етиб бормаган чекка ва тоғли ҳудудлар аҳолисини суюлтирилган газ билан таъминлаш чоралари ҳам кўрилмоқда. Бу мақсадда 6 минг 100 дона газ баллони ажратилиб, уларнинг дастлабки қисми аҳолига етказиб берилган.
Мутахассислар таъкидлашича, амалга оширилаётган ишлар қиш мавсумида аҳолини узлуксиз ва хавфсиз газ таъминоти билан таъминлашга хизмат қилади.
Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат),ЎзА